Жорий йилнинг 2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бу жараёнда соҳа вакилларининг ҳам муносиб ҳиссаси таъминлаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Ҳамкасбларимиз куни кеча Тошкент шаҳридаги Боғишамол кўчасида кўчат экиш тадбирига жам бўлишди. Соҳа вакиллари шу куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўз фаолликларини намойиш қилдилар. “Долзарб 40 кунлик” акцияси доирасида дарахт экиш ишлари анъанавий давом эттирилиши режалаштирилган.