Бугунги кунда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик билан бошлаш чоралари кўриб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.
Пискент туманида бугунги кунда 15 минг 375 та дарахт хатловдан ўтказилган. Уларнинг аксариятини кўп йиллик чинор ва арчалар ташкил этади. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси инспекцияси маълумотларига кўра, улар орасида 3 туп юз йиллик "фахрий" чинорлар рўйхатга олинган. Бу дарахтлар Ёшлар боғида, Бекобод ва Муротали маҳалласидадир.
Бир асрга тенг ва ундан катта "ёшда" бўлган барча дарахтлар давлат муҳофазасига олинган. Дарахтларнинг навбатдаги инвентаризацияси (хатлови) 2022 йилнинг баҳорида, ўсимликларнинг вегетация даврида бўлиб ўтади. Шундан кейин қанча дарахт ўсишда давом этаётгани ва қанчаси нобуд бўлгани маълум бўлади.
Кўплаб узоқ умр кўрадиган ўсимликларнинг кўриниши ва ҳолати дарахтларга бўлган муносабатни белгилайди. Экологик партия туман кенгаши раиси М.Абдуллажонованинг таъкидлашича, агарда дарахт бирон бир муҳофаза қилинадиган объект ҳудудида жойлашмаган бўлса, кўп ҳолларда унинг кўриниши ёмон ҳолатда бўлади. Табиат ёдгорликлари яқинида реклама видео экранларининг ўрнатилиши тадбиркорларнинг манфаатлари, афсуски, кўп ҳолларда номоддий қадриятлар, мерос ва биохилма-хилликдан устун эканини англатади.
Бугунги кунда Пискент туманидаги корхона ва ташкилотлар ҳудудларида, маҳаллаларда, аҳоли хонадонларида кўкаламзорлаштириш ишларига старт берилди. Хусусан, "Лолаариқ" маҳалласида дарахт экиш, парваришлаш ва атрофни кўкаламзорлаштириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Маълумотларга кўра, бахт индексини белгилашда экологик омиллар ҳам етакчи ўрин тутаркан. Ўлкада яшил олам қанчалик катта ҳудудни эгалласа, бахтлилик даражаси ҳам ортар экан. Шундай экан, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, биохилма-хилликни асраш, “яшил олам”ни кенгайтириш барчамизнинг вазифамиз.
Шундай экан, юртимиз бўйлаб эълон қилинган, дарахт экиш, кўкаламзорлаштиришга қаратилган долзарб 40 кунликда фаол қатнашиш бахт даражасини оширишга яна бир имкондир, дея хабар беради Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.