Шиддат билан ривожланаётган юртимиз тарихи ва бугунги кунига назар солсак, илм-фаннинг ривожланиши, дунё талабларига мос ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида саноат-корхоналарининг йилдан-йилга такомиллашуви мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги долзарб жараёнлардан бири ҳисобланади.
Шу ўринда қайси бир ишлаб чиқариш соҳасини олмайлик деярли кўпчилиги давлат иқтисодиётига келтираётган фойда билан бир қаторда табиат инъом этган атроф-муҳит экологиясига ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатади. Ва бу муаммо дунё давлатларининг ҳам жиддий ташвишларига сабаб бўлмоқда. Шу боис, экология билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш доимий эътиборда.
Шу йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган видеоселекторда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган бўлиб ҳозирги кунда шаҳарлардаги яшил майдонларнинг 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши режалаштирилди.
Албатта, ушбу лойиҳада нафақат соҳа вакиллари балки, шу Ватанда истиқомат қилаётган, фаолият олиб бораётган корхона-ташкилот раҳбар- ходимлари, ҳар бир фуқаронинг иштирок этиши унинг инсоний бурчи бўлиши лозим.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу муҳим лойиҳасида биз – Геология фанлари университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, барча ходимлар камарбаста бўлиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ҳамда атроф-муҳит экологияси барқарорлигини таъминлаш мақсадида университетнинг Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган “Оқсоқ-ота” ўқув-дала амалиёт базасида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экишни бошладик. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида Мирзо Улуғбек туманида жойлашган университет бинолари атрофида ҳамда Яшнобод туманидаги университет автогаражи ҳудудларида ҳам ерлар юмшатилиб, ниҳол ўтқазиш ишларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Геология фанлари университети тасарруфидаги барча ҳудудларга манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Табиат билан ўзаро муносабатнинг янги сифатли асосини яратиш, ҳаёт тарзи ва атроф-муҳитга муносабатнинг замонавий тизимини тобора ҳаёт тарзига айлантириб бориш экологик барқарорликни кафолатлайди. Бу борадаги асосий вазифамиз атроф-муҳит муҳофазасини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар билан чегараланиб қолмасдан, белгиланган мақсадлар сари дадил олға интилишимиз зарур.
Халқимизда, “Яхшидан боғ қолади” деган нақл бор. Бугун биз эккан ниҳоллар, келажакда қулоч етмас дарахтлар бўлиши шубҳасиз. Зеро келажак авлодга биздан яхши амалларимиз ва сўлим боғлар қолса, умр деган манзилнинг моҳияти ҳам шунда.
Авзал Мирабдуллаев,
Гелогия фанлари университети
маъмурий масалалар ва хўжалик
комплексини бошқариш бўйича проректори.