Жорий йилнинг 8 февраль куни “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳамда Президент Админстрацияси раҳбари иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Миллий университетига пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Мухтор Ашрафий” маҳалласи бириктирилган эди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 февралдаги “Маҳаллабай тизимини жорий қилиш бўйича маҳаллаларга бириктирилган вазирлик ва идоралар томонидан жойларда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида”ги 19-сонли баёни билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида университетнинг манзилли дастури ишлаб чиқилди. Дастур асосида ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича МФЙда университет ректори Ином Маджидов бошчилигида университет проректорлари, ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилардан таркиб топган ишчи гуруҳ томонидан жами 362 та хонадонда 1448 нафар фуқаролар билан ижтимоий суҳбат ўтказилди. Ўрганишлар асосида аниқланган уй-жой, бандлик, ижтимоий ҳимоя, фуқаролик паспортини расмийлаштириш, нафақа пули, ичимлик суви, электр энергия таъминоти, “Темир дафтар”га киритиш, соғлиқни сақлаш, таълим, кредит, тадбиркорлик, хавфсизлик каби 189 та муаммоли ҳолатларнинг 68 таси ўз жойида ҳал этилди.

Шунингдек, маҳаллада жойлашган 56 та объектлар (умумий овқатланиш шохобчалари, кўчалар, кўп қаватли уйлар, савдо дўконлари, ҳудудда жойлашган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва бошқалар) университет ишчи гуруҳи томонидан тўлиқ ўрганилиб, улардаги 77 та муаммоли ҳолатлар (болалар майдончасини таъмирлаш, кўп қаватли биноларни ички ва ташқи таъмирлаш, канализация тизими, сим ёғочлар, пиёдалар йўлакчаси, таъмирталаб асфальт йўллари, ободонлаштириш ишлари ва бошқалар) аниқланди.

— Бу бўйича маълумотлар Яшнобод туман ҳокимлиги штабига тақдим этилди, — дейди университетнинг Ёшлар билан ишлаш проректори Камолиддин Мирзааҳмедов.

 Молия-иқтисод ишлари бўйича проректор Файзуллахон Думаев билан бўлган қисқача суҳбатда ҳам олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлдик.

Жумладан, М. Ашрафий шоҳ кўчаси бўйлаб уч километр масофада ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Олийгоҳнинг 12 нафар амалиётчи психологлари томонидан 57 нафар (стресс ва агрессияга мойил, оилавий низолари мавжуд, ногиронлиги бўлган, уюшмаган ёшлар) фуқаролар билан индивидуал психологик тренинг ўтказилиб, 10 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларга 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шу орқали умумий қиймати 3,5 миллион сўм миқдоридаги моддий ёрдам кўрсатилган.  

Шу билан бирга МФЙ биносининг 28 м2 майдони тўлиқ таъмирланиб, 1 та хона чет тили тўгарагини ўтиш ажратилди ва керакли жиҳозлар билан таъминланган. Айни пайтда 500 дона бадиий ва илмий адабиётлар етказиб берилгани айни муддао бўлди. Шунингдек, 2 та болалар майдончаси учун университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан спорт турник мосламалари, брус жиҳозлари ўрнатилган. 

МФЙда ташкил этилган университет ёшлар боғининг очилиш маросимида эса катта дошқозонда ош дамланиб, ҳудуднинг кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган оилаларига беғараз тарқатилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, олиб бораётган саъй-ҳаракатлари билан университет жамоаси чинакамига “Яхшидан боғ қолади” нақлига амал қилмоқда. Бундай эзгу ва амалий ишлар юртимиз ҳудудларининг янада ободонлашувига, халқимиз ўртасида меҳр-оқибат, бунёдкорлик каби қадриятларини номоён этишга хизмат қилиши шубҳасиз.