Илм-маърифатли, камтар инсонлар ҳаётимиз кўрки, улар эзгу фазилатлари билан бошқаларга ибрат бўлиб келганлар. Шундай кишилар бўладики, уларни билганлар фақат меҳр, ҳурмат, эҳтиром ва миннатдорчилик туйғулари билан эсга оладилар.

Ўзининг умрини илм-фан ва ёшларнинг таълим-тарбиясига бағишлаган жонкуяр устоз, моҳир педагог ва камтарин Рўзи Ҳайитович Хайитов ана шундай маърифатли инсонлардан бири эди .

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида илм-фан, таълим-тарбия фидойиси, моҳир педагог ва ташкилотчи раҳбар, азиз устозимиз, ветеринария фанлари доктори, профессор Ҳайитов Рўзи Ҳайитович хотирасига бағишланган “Ветеринария физиологияси, биокимёси ва патологик физиологиясининг долзарб муаммолари ва ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги РEСПУБЛИКА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯСИ бўлиб ўтди.

 

Тадбирни университет ректори, биология фанлари доктори, профессор Х.Б.Юнусов очиб берди.

Анжуман ишини университет Ўқув — услубий бошқарма бошлиғи Раҳматулла Рўзиқулов олиб борди.

1926 йилнинг 18 декабрида Навоий вилояти Кармана туманининг Жалойир қишлоғидаги деҳқон хонадонида ўғил фарзанд туғилди. Тақдир тақозоси билан Рўзи Хайитович 6 ёшидан болалар уйида тарбияланди. Табиатан тиришқоқ, абжир, ҳозиржавоб ўсмир барча фанларни қунт ва ташналик билан ўрганиб, ўқитувларининг назарига тушди.

Дастлаб Самарқанд шаҳридаги Зооветеринария техникумида, сўнг Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида таҳсил олган иқтидорли олимнинг кейинги ҳаёт йўллари шу институт билан чамбарчас боғланди. У ўзининг ҳаёт йўлини, ўзлигини шу даргоҳдан топди. У 16 йил давомида институт ректори бўлди ва ўз фаолияти билан таълим маскани тарихида ўчмас из қолдирди.

Республика илмий – амалий анжуманида профессор Рўзи Хаитовичнинг шогирдлари, сафдошлари, уни яхши таниган кишилар иштирок этишди.

Жумладан, у кишининг устози Жўра Камолович Саидовнинг фарзанди, кимё фанлари доктори Баҳодир Жўраевич Саидов, у киши учун қадрдон бўлган инсонлардан бири, Самарқанд Халқаро технологиялар университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Абдуллаев Юсуф Негматович, “Ўсимликшунослик ва ем-хашак етиштириш” кафедраси профессори, қ.х.ф.д. Раззоқ Орипович Орипов, Рўзи Хаитовичнинг шогирдлари, “Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти”нинг бўлим бошлиғи Ориф Шарипов, Устознинг шогирдларидан бири, “Ҳайвонлар физиологияси, биокимёси ва патологик физиология” кафедраси мудири, доцент Дўсмурод Эшимов, хорижлик шогирдлари сафдошлари Витебск (Белорус) давлат ветеринария медицинаси Академияси факультет декани Соловёв Александр, шунингдек, “Ички юқумсиз касалликлар” кафедраси профессори, в.ф.д. Қурбон Норбоевич Норбоевлар сўзга чиқишди ва профессорнинг ҳаёт йўли, илмий изланишлари ҳақида фикр – мулоҳазалар юритилди.

Анжуман давомида Самарқанд Халқаро технологиялар университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Абдуллаев СамДВМЧБУ ректорига Самарқанд ҳақидаги китобни совға қилди.

Шундан сўнг, Ветеринария физиологияси, биокимёси ва патологик физиологияси соҳасида айни кунда амалга оширилаётган ишлар, долзарб муаммолари ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама марказида бўлди.

Ахборот хизмати