Пойтахтимиз кўчаларининг кундан-кун чирой очиб бораётгани, хиёбонлардаги ўриндиқлар дизайнига ҳам алоҳида эътибор берилаётгани диққатга сазовор. Уларнинг ноанъанавий услубда бунёд этилаётгани кўзимизни қувонтирса, руҳиятимизга кўтаринкилик бахш этади.
Аммо... Яратилаётган шароитлар, қулайликлар, шундай гўзалликларга айрим фуқароларимиз, айниқса, ёшларнинг салбий муносабатидан кўнглимиз хира тортади. Биргина Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ёнида бунёд этилган чиройли ўриндиқларнинг аянчли ҳолати бунга мисол.
Уларнинг яқинига келсангиз, ёзув-чизувдан бўялиб кетгани, чиқиндилардан ифлосланганига гувоҳ бўласиз. Уларни ким бундай ҳолатга соляпти? Афсуски, севги-муҳаббатини бир-бирига намоён этиш учун шу ерни маъқул кўрган ёшлар.
Нега уларга ҳеч ким танбеҳ бермаяпти? Ахир умумий мулкимиз, кўчаларимизнинг кўрки бўлган ўриндиқларда беҳаёликка бораётган бундай ёшлар ҳам келажагимиз ворисларику?
Нега бу каби бунёдкорлик намуналарини асраб-авайламаймиз? Гапларимиз баландпарвозликдек туюлса, яхшиси ўзингиз бир бориб кўринг. Кўнглингиз беҳузур бўлган ерда қалбингиз завқ олармикан?...
Муножот Раҳимжон қизи
Ҳакимжон Йўлдошев олган суратлар