Кейинроқ бепул уй ва озиқ-овқат билан таъминлагани учун чиқиндиларни қайта ишлаш заводида ишладик. У ердаги ёқимсиз ҳидга чидаб ишлаш, яшаш осон эмасди. Аммо тезроқ пул тўплаб, уйга қайтиш илинжида ҳаммасига чидадик.
Заводда меҳнат қилиш баробарида иш ўргандим. Завод раҳбари аёл киши эди. Унга ҳавас қилиб, мен ҳам юртимизга қайтгач, шундай корхона очишни ният қилганман. 2010 йилларда Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш амалиёти деярли йўқ эди. Ниятим холис экан: ҳавас, ҳаракат, меҳнат ортидан ўйлаганларимга эришдим. 2015 йилда юртимизга қайтиб, ана шу ишга киришиб кетдим. Дастлаб 20 эшак арава билан иш бошладим. Ён-атрофдаги ишсиз хотин-қизларни жалб қилиб, аввалига кўчалардан чиқиндиларни йиғиб, саралаб, заводларга топширдим. Бундан яхшигина фойда қолаётганини кўргач, ишимни кенгайтирдим. 2016 йилда чиқиндиларни қайта ишлайдиган “Anvarjon Biznes Invest” МЧЖ корхонаси фаолиятини йўлга қўйдим.
Шу ишни бошлаганимга ҳам ўн йил бўлибди. Ўтган йилларда фақат меҳнат қилдим, сабр билан ишладим. Тадбиркорлигим айни янги Ўзбекистон ислоҳотлари бошланган даврга тўғри келгани ҳам менга катта ёрдам берди. Юртимизда тадбиркорларга берилган имтиёзлардан тўғри фойдаландим. Ҳозиргача ҳар бир фармон ва қарорда кўрсатиладиган имтиёзларни ўрганиб, уларни қўллашга интиламан. Боиси, булар биз учун, ишбилармонларнинг янада ривожланиши учун берилаётган экан, унумли фойдаланишимиз керак.
Қисқа муддатда орзумдаги заводни қуришга ҳам эришдим. Бунинг учун давлатимиз томонидан 4 гектар ер ноль балансда берилди. Ҳозир ана шу ерда чиқиндини қайта ишлаб, кунига 30-35 тонна гранула шаклидаги тайёр маҳсулот чиқарамиз. Корхоналаримизда сўнгги 5 йилда 178 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Асосий харидорларимиз пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналардир.
Заводга Хитойдан олиб келинган энг сўнгги русумдаги технологиялар ўрнатилган. Ҳозир 93 та техникамиз бор, заводимиз Самарқанддаги гигант корхоналардан. Айни пайтда 426 ишчи-ходим доимий меҳнат қилади. Нафақат ўзим ва оилам, балки ана шу ходимларнинг ҳар бири яхши шароитда, тинч ва хурсанд яшаши учун доим ҳаракатдаман. Қолаверса, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали вилоятимиз экологияси яхшиланиши, ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўрсаткичи ортиши, одамлар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганимдан қувонаман.
Шундай қилиб оддий, камбағал аёлдан катта тадбиркорга айландим. Инсон сабр билан меҳнат қилса, истаганига эришар экан. Буни ўзим мисолимда ишонч билан айта оламан. Ҳеч ким менга ишонмаганда ҳам шу кунлар келиши, ҳаммаси яхши бўлиши, мен ҳам бошқалар каби тўкис ҳаёт кечириб, яхши шароитларда яшашимга ишонганман. Бугун шуларнинг барчаси учун шукр қиламан.
2025 йил ҳаётимда энг унутилмас, омадли, муваффақиятларга бой йил бўлди. “Табиат қўриқчиси”, “Тадбиркор аёл — қаҳрамон аёл” каби бир қанча мукофотлар билан тақдирландим. Августда Қирғизистонда “Аёл — лидер, дунёни яхшилик сари ўзгартирувчи куч” шиори остида ўтказилган нуфузли халқаро форумда қатнашиб, 200 га яқин аёл раҳбар қаторида нутқ сўзладим. Шунингдек, бу йил яна бир орзум ушалди — 42 ёшимда олий маълумотли бўлдим, бакалавр дипломини олдим. Йил охирига келиб эса хитойлик ҳамкорлар билан йирик инвестиция битимини имзолашга эришдим.
Энг унутилмас ва кутилмаган воқеа декабрнинг сўнгги кунларида рўй берди. “Йил аёли — 2025” миллий танловининг Гран-при мукофотига муносиб кўрилдим ва менга Президентимиз совғаси — “Onix” автомобили топширилди. Экранда фаолиятим ҳақидаги лавҳа қўйилганида қаттиқ ҳаяжондан йиғлаб юбордим. Очиғи, унча-бунча вазиятда йиғламайман, барча қийинчиликларга бардош берган аёлман. Лекин ўша куни йиғладим. Бу қувонч кўзёшлари эди. Ўша лаҳзада кўрган барча қийинчиликларим унут бўлди. Яратган меҳнатларимнинг мукофотини шу кунларга тайёрлаб қўйган экан деб ўйладим.
Автомобилни салкам 80 ёшни қоралаган онажонимга совға қилдим. У бизни — беш фарзандни тенг кўриб, катта қилди. Ютуқларимдан жуда қувонди. “Бу машина — сеники. Ўзинг ҳайдаб юр, мен сен билан фахрланаман”, деди. Ҳозир Президентимиз совғасини ўзим ҳайдаяпман. Давлатимиз раҳбари биз тадбиркорларга яратиб бераётган шароит, имконият ва имтиёзларнинг баҳоси йўқ. Улардан самарали фойдаланиб, шу даражага эришяпмиз. Яхши яшаш учун ҳаракат қиляпмиз. Меҳнатимиз эса эътироф этилиб, бизга катта ишонч билдириляпти.
Бир ҳудудда битта бўлса ҳам тадбиркорнинг борлиги ўша жойдаги қанчадан-қанча оилаларнинг даромадли бўлишига хизмат қилиши рост экан. Мен ҳам мана шу ишга оиламни жалб этганимдан афсусланмайман. Ҳозир беш фарзанд — ҳаммамиз шу йўналишда тадбиркорлик қиламиз. Энг кичик синглимнинг қўлида ҳам 50 одам ишлаяпти. Ҳаммамизнинг яшашимиз яхши, шароитимиз етарли.
Тўғри, бу кунларга етиб келиш осон бўлмади, аммо ҳозир ҳаракат қилган одам учун барча имконият бор. Яна бир ҳаётий ҳақиқатни англаб етганман: аёл ҳар қанча ишбилармон бўлмасин, асосий эътиборини, аввало, оилага қаратиши керак. Оилани жой-жойига қўйса, яқинлари ёнида бўлсагина муваффақиятга эришади. Қолаверса, сабр ва шукрда, мақсадларга эришишга ишончда гап катта, ҳаётим бунга мисол.
Шундай шароитлар яратиб берилганида, инсон янада кўпроқ ишлаш, ривожланиш, фаолиятини кенгайтиришга интилар экан. Якунланаётган йилда “Ҳамроҳ” лойиҳаси томонидан янги қувватни ишга тушириб, кўпроқ бўш иш ўрни очиш таклифи берилди. Бажонидил рози бўлдим ва лойиҳа кўмагида Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилиши бошланди. Завод учун ер туман ҳокимлиги томонидан имтиёзли шартлар асосида ажратилди. Лойиҳа ишга тушиши натижасида 100 та иш ўрни очилади. Бу яна шунча одамнинг бандлиги таъминланиб, ўнлаб оиланинг доимий даромад манбаи бўлади деганидир.
Гулмира ЖУМАЕВА,
Каттақўрғон шаҳридаги “Anvarjon Biznes Invest”
МЧЖ раҳбари,
“Йил аёли — 2025” миллий танлови Гран-при ғолиби