Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бугун соат 12:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2026 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 1 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда умумий қуввати 5 582 мегаватт бўлган 15 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 5 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.

Маълумки, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланила бошланган 2022 йили Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

2024 йили 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт·соатни ташкил қилган бўлса, 2025 йилда барча қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 10,5 млрд кВт⋅соатга етди.

Айтиш жоизки, 2026 йил бошидан 13 февраль куни соат 12:30 ҳолатига қадар қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 396 млн кВт⋅соат, шамол электр станциялари томонидан эса 604 млн кВт⋅соат, жами 1 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Маълумот учун: 2026 йилнинг бошидан бугунги кунгача қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 2025 йилнинг мос давридагига нисбатан 400 млн кВт·соат ёки 40 фоизга кўп электр энергиясиишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

  • 267 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
  • атмосферага 575 минг тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқишининг олди олинди.

Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 13 февраль соат 12:30 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялар ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 1 млрд 570 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

  • 400 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
  • атмосферага 863 минг тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқишининг олди олинди.

Маълумот учун: мазкур ҳажмдаги электр энергияси ўртача 5 миллионта хонадоннинг 1,5 ойлик ёки 625 мингта хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.