Таъкидлаш жоизки, 163 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда 121 та чора-тадбирлар дастури ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган Давлат дастури ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан Ҳукуматда яхлит тизим яратилган.

Кўрилган чоралар натижасида ҳисобот даврида хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 8,7 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилган.

Ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 2 трлн. 824 млрд. сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн. 211 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Жорий йилнинг Ш чорагида бюджетга қарийб 36,3 трлн. сўмлик даромадлар тушган.

Шу кунгача Давлат дастури доирасида жами 111 та ҳужжат қабул қилинган. Хусусан, 2 та Қонун, Олий Мажлис палаталарининг 5 та қарори, Президентнинг 18 та Фармони ва 20 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори ва фармойиши ҳамда 45 та чора-тадбирлар дастури қабул қилинган ва ўрнатилган тартибда ижроси назоратга олинган.

Мажлисда сенаторлар томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, айниқса, ижро муддати йил давомида белгиланган бандлар ижросига алоҳида эътибор қаратиш, Дастурда белгиланган ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди. Бунда ҳар бир масъул ушбу Дастур, аввало, одамларни рози қилиш ва мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилганлиги нуқтаи назаридан ёндашишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.