Сессияда Самарқанд шаҳар ҳокими Бобирмирзо Облоқуловнинг 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва шаҳарни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Маълумки, йил бошида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими халққа мурожаат қилиб, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ режаларини белгилаб олган эди. Уларни амалга ошириш мақсадида, бу йилги мураккаб синовларга қарамасдан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун етарли ресурслар ажратилиб, барча зарур шароитлар яратилди.

Сессияда шаҳар ҳокими тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, уларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланганидек, 1 декабрь ҳолатига шаҳарда 15 минг 243 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.

Жумладан, жорий йилда 2 минг 56 та янги юридик корхона ташкил этилиб, йиллик режа 90 фоизга бажарилди. Йил якунигача яна 230 та янги корхоналар ташкил этишни режалаштирилган.
Шунингдек,  тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, тижорат банклари томонидан барча молиялаш манбалари ҳисобидан шаҳардаги 11 минг 903 та юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 1 триллион 693 миллиард сўм кредитлар ажратилди.

Л. Сувонов