Ўрганишлар натижасида Гурлан тумани ФҲДЁ ходимлари кўмагида ушбу туманда истиқомат қилувчи бир оиланинг туғилганлиги қайд этилди. Асли Туркманистонлик, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келин бўлиб келган Сайяра Толиеванинг шу кунга қадар ҳеч қандай шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслиги аниқланди. Шу сабабдан, уй шароитида дунёга келган 4 нафар фарзанди ҳам расмий ҳужжатларсиз катта бўлишган.

Туман ФҲДЙ бўлими ходимларининг амалий кўмаги билан Толиева Сайёрага «1993 йилдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Минск Конвенцияси орқали Туркманистон Республикасига юборилган сўровноманинг жавобига асосан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Дарҳақиқат, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга нисбатан эътиборсизлик ва фарзандларига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириш бўйича ўз вақтида мурожаат қилмаганлиги туфайли С.Толиева ўзи ва 2002 йилда туғилган Сурайё, ундан 2 йил кейин туғилган Зарифа (2004 йил) ва 2013 йилда туғилган эгизак фарзандлари Ҳасанбой ва Ҳусанбойлар орадан йиллар ўтиб «метрика»га эга бўлишди.

Эндиликда бу оила аъзолари бошқалар каби ўз ҳуқуқларидан фойдаланишлари мумкин. Ҳозирда С.Толиева ва унинг турмуш ўртоғини қонуний никоҳдан ўтказиш чоралари ҳам кўрилмоқда.