Ҳисобот йиғилишида 2021 йилда яратилган романлар юзасидан филология фанлари доктори Каромат Муллахўжаева, қиссалар юзасидан фалсафа фанлари бўйича фан доктори Абдулла Улуғов, йил ҳикоялари бўйича фалсафа фанлари бўйича фан доктори Ойимхон Эшниязова ҳамда ёзувчи Нурилла Чори маъруза қилди.
Йиғилишни Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид очиб берди ва кенгаш раиси Исажон Султон олиб борди. Унда бугунги кундаги адабий жараёнлар, Наср кенгашининг фаолияти хусусида фикрлар баён қилинди.
Маълумки, ўтган йили қатор кўрик-танловлар ўтказилиб, насрий асарлар ғолиб деб топилди. Жумладан, «Ватан учун яшайлик» бадиий асарлар танловида Орзиқул Эргашнинг «Юлдузсиз осмон» ва «Қалб гавҳари» китоблари биринчи ўринга, Собир Ўнарнинг «Кунсулувнинг сирли хатлари» ҳикоялар тўплами иккинчи ўринга лойиқ кўрилди. «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловида Зулфия Қуролбой қизининг «Машаққатли ҳаёт сўқмоқлари» романи, «Йилнинг энг яхши асари» кўрик-танловида ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг роман, қисса ва ҳикоялардан иборат тўрт жилдлик китоблари гран-прига, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг «Алишер Навоий» романи биринчи ўринга муносиб деб топилди, дея айтиб ўтилди йиғилишда.
– Кейинги йилларда ёзувчилар томонидан тарихий романларни кўп яратилиши, китобхонларни қувонтирмоқда, – дейди адабиётшунос Каромат Муллахўжаева. – Хусусан, Исажон Султоннинг «Алишер Навоий», Шойим Бўтаевнинг «Ўташан еттинчи тонг», Уйғун Рўзиевнинг «Шабнам соясида» Акмал Саидовнинг «Икки соҳил қўшиғи» романларини келтириш мумкин. Асарларда ҳар бир муаллиф ўша давр ҳаётини яхши ўргангани кўзга ташланади.
Ҳисоботда Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган Қатағон қурбонларига бағишланган танловда ҳам яхши натижаларга эришилгани таъкидланди. Унга кўра 1-ўринга Хуршид Дўстмуҳаммад «Юз йиллик қотиллик қиссаси» номли тарихий-ҳужжатли-маърифий қиссаси учун, 2-ўринга Шеркон Қодирий «Дийдор қиёматга қолса нетай» асари учун, Сирожиддин Аҳмедов Қатағон қурбонларига оид бир туркум асарлари, 3-ўринга Абдуқаюм Йўлдошев «Жадид» қиссаси учун, Саттор Тожибоев «Ниқобланган разолат» ҳамда «Кремлнинг қалтис ўйини» номли 2 жилдлик бадиий-ҳужжатли асарлари учун, Исматилла Йўлдошев (марҳум) – «Махфий маҳкама ёхуд... қонунсиз қамалганлар» қиссаси учун сазовор бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги билан адибнинг танланган асарлари, Абдусаид Кўчимовнинг 70 йиллигига эссе ва қиссалардан иборат танланган асарлари, Сойим Исъҳоқнинг 80 йиллигига «Она йўлбарс ҳамласи» ҳамда адиб Асад Асилнинг 80 йиллигига «Парвоз» романлари уюшманинг «Адабиёт» нашриётида чоп этилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг 4 жилддан иборат танланган асарлари ҳам 2021 йилда нашр этилди.
Бундан ташқари йил давомида турли муаллифларнинг асарлари муҳокамасига бағишланган кенгаш йиғилишлари ўтказилди. Жумладан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг «Клеопатра» романи «Жаҳон адабиёти» журналида чоп этилди. Ноябрь ойида ёзувчи Рисолат Ҳайдарованинг «Себзор» ҳужжатли асари юзасидан йиғилиш ўтказилиб, турли фикр ҳамда таклифлар баён этилди.
Ҳисобот йиғилишида ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар ва камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист