
“Йилнинг энг яхши нотариал палата ходими” кўрик-танловида иштирок этган 14 нафар ҳудудий бошқармалар ходимлари ҳар бири ҳакамлар ҳайъати эътиборига ўзлари тайёрлаб келган, нотариат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тақдим этдилар. Иккинчи шартга кўра иштирокчиларнинг Конституция ва фуқаролик ҳуқуқи бўйича билимлари синовдан ўтказилди.

“Йилнинг энг яхши нотариал палатаси” танлови якуний босқичининг 1-шартига кўра танлов ҳайъатига нотариал ҳаракатларга бағишланган 3-5 дақиқали видеороликлар тақдим этилди. Иккинчи шарти - Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид савол-жавоблар бўлиб, нотариусларнинг жавоб беришда ҳозиржавоблиги, жавобларнинг қисқа ва лўнда эканлигига эътибор қаратилди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров фаол ва қонун доирасида фаолият юритаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонун ва нормаларга риоя этган ҳолда аҳолига юксак савияда ҳуқуқий хизмат кўрсатаётган нотариусларни ҳамда фаол Нотариал палата ходимларини рағбатлантириб бориш, нотариат соҳасида Ўзбекистон амалиётини хорижга олиб чиқиш орқали мамлакат имижи яхшилашга ҳисса қўшиш - Палатанинг ўз олдига қўйган мақсадларидан эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳудудий бошқармалар ходимлари ва нотариуслар ушбу танловга катта тайёргарлик, кўтаринки руҳ билан иштирок этдилар.
Танлов ҳайъати аъзолари танловнинг холис ва шаффоф олиб борилишига эътибор қаратдилар.
Танлов ҳайъати хулосаларига кўра “Йилнинг энг яхши нотариал палата ходими” танлов иштирокчилари орасида билимли ва ҳозиржавоб иштирокчи деб топилган Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходими Насиба Жўраевага биринчи ўрин, Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходими Лазиз Ғуломовга иккинчи ўрин, Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходими Алишер Ҳамроевга учинчи ўрин насиб этди.
“Йилнинг энг яхши нотариуси” танловининг мутлақ ғолиби Навоий вилояти Навбаҳор туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Аслиддин Фазлиддинов деб топилди. Хоразм вилояти Урганч шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Барно Авезова иккинчи ўринга, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Алишер Абдиназаров учинчи ўринга муносиб деб топилдилар.
Қолган иштирокчилар Нотариал палатанинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.