ЖССТ маълумотларига кўра, Ер юзи аҳолисининг учдан бир қисми табиий йод танқис бўлган шароитда яшайди. Уларнинг 31 фоизи мактаб ёшидаги болалар. 

Дилором Турсунова, тиббиёт фанлари доктори: 

— Бу глобал муаммонинг самарали ва арзон ечими сифатида ош тузини йодлаш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда. Негаки, танада ушбу модданинг камайиши эндемик буқоқ, ақлий заифлик, перинатал ва чақалоқлар ўлимининг кўпайишига сабаб бўлади. 

Бундан ташқари, йод танқислиги туғма касалликлар даражасини оширади, ҳомила ва чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланиши, интеллектуал салоҳиятнинг пасайишига ҳам олиб келади. 

Организм учун зарур миқдордаги йодни турли денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш йўли билан олиш ҳам мумкин. Бироқ кўплаб минтақалар, хусусан, Марказий Осиёда ҳам бундай неъматлар сероб эмас.

Шу сабабдан мамлакатимизда “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Унда давлат стандарти талабларига кўра, ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм миқдорда бўлиши белгиланган.

Сифатли ош тузининг қадоғида қуйидагилар акс этган бўлиши керак: 

  • ишлаб чиқарган ташкилот номи;
  • товар белгиси ва маҳсулот номи;
  • унинг нави ва янчилиш даражаси;
  • ишлаб чиқарилган санаси,
  • норматив ҳужжат номи,
  • яроқлилик муддати,
  • йодлаш қўшимчаси номи ҳамда бошқа бир қатор маълумотлар.

Ош тузларининг сақланиш ҳарорати 28 даражадан ошмаслиги лозим. 

Қотиб қолган, нам тортган, бегона ҳидларга эга, яроқлилик муддати ўтган, қадоқлари бузилган ош тузларининг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилмаслик тавсия қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, ош тузи — инсон танасига натрий етказиб берувчи ягона озуқавий модда. У организмда қон айланиши ва қон босимини бошқариш, асаб тизими ҳамда мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлайди. Бироқ ЖССТ организмдаги моддалар алмашинувини меъёрлаштириш учун кунлик йодланган ош тузи истеъмолини бир чой қошиқ — 5 граммдан оширмасликни тавсия қилади.