Бундан ташқари, мактаб ҳовлиси кичик бўлса экан, озгина сув билан муаммони ҳал қилиб қўйса. Аслида, Деҳқонобод туманининг аксарият ҳудудига оқар сув келмайди. Янги экилган дарахтни амал олдиришнинг ўзи мушкул. 97-мактаб биноси қурилганига ҳам ҳали кўп бўлгани йўқ. Қурилишдан қолган ҳудудни тозалаб, ерни экишга тайёрлаб олишнинг ўзи бўлмади. Бунинг учун катта меҳнат сарфланди.
Янги жойда битта ниҳолни кўклатишнинг ўзи бўлмайди. Ўтган йили мактаб ҳовлисида илк марта ўтқазилган ниҳолларнинг аксариятини ёзнинг жазирамасидан сақлаб қолиш осон кечгани йўқ. Имкон даражасида ҳашар қилиб, челаклаб сув қуйган ҳолатлар бўлди. Шу сабаб кекса боғбонлар маслаҳатига қулоқ тутиб, иқлимга мос ниҳолларни экишга ҳаракат қилинмоқда. Бу эса ўз самарасини бермай қолмайди. Хусусан, жамоада меҳнат қилаётган Жума ота Баратовнинг боғдорчиликда тажрибаси катта. Унинг ўгитларига қулоқ тутган одам кам бўлмайди. Ҳовлидаги яшиллик нишоналари ҳам у кишининг тавсияси асосида бўлгани аниқ.
Жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида директор нафақат дарахт экиш, балки шу жараёнда янги ғояларини ҳам амалга оширишга киришди.
Дастлаб ўтган йили ноябрь ойида мактаб ҳовлисидаги очиқ ерни яхшилаб ҳайдаб, экишга ҳозирлади. Шундан сўнг мевали дарахтлар уруғини олиб келди. Ўзи бош бўлиб, яхши ният билан ерга қадади. Ҳисобига кўра, насиб этса, икки-уч йилда нақ йигирма минг дона кўчат етилиши керак.
Агар буни пулга ҳисоблайдиган бўлса, камида уч юз миллион сўм бўлади.
Ҳозирча мевали ниҳол уруғи унчалик кўп жойни эгалламади. Ҳали очиқ майдон анчагина. Ернинг бўш ётганидан кўра, ундан унумли фойдаланган афзал.
Қолган жойга каврак экишни ният қилди. Туманда бу борада мутахассислар етарли. Тажрибали деҳқондан уруғ олиб, яқинда экишни бошлаб юборди.
— Барчасини кимдир қилиб берар, дея қараб ўтирадиган вақт эмас, — дейди мактаб директори Шерзод Менглиев. — Бугун интилган киши ҳар бир соҳада олдинламоқда. Энг муҳими, боқимандалик кайфиятидан халос бўлиб, интилсангиз кам бўлмайсиз. Анчадан бери таълим муассасамиз ҳовлисидан қўшим-ча даромад олиш манбаини қидириб юрардим. Кўчатчиликни йўлга қўйишни режа қилдик. Бунинг учун, биринчи навбатда, мевали дарахт ниҳоллари етиштирадиган боғ қилдик. Ҳозир экилган уруғ ниш уришни бошлади. Бундан ташқари, “Яшил макон” доирасида бир қанча манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳам экиб чиқдик. Энди уларнинг орасига каврак уруғини сепяпмиз. Туманимизда каврак етиштириш тажрибасига эга малакали кишилар кўп. Яна бир томони, иқлимимизга мос. Соҳанинг аксар етакчилари кўрсатмаларига асосан, айнан каврак кўчатини етиштиришни мақсад қилдик. Кўпгина ҳудудларимизда каврак плантациялари барпо этилмоқда. Шу боис, унинг кўчатига талаб юқори. Ҳозир чамалашимиз бўйича ерга сочилган уруғдан 200 минг дона ниҳол кўкариб чиқади. Икки йилда тайёр бўладиган ниҳолнинг донасини ўртача 2 минг сўмдан сотишимиз мумкин. Айни пайтда мактаб ҳовлисининг олтмиш сотихдан зиёд ерига каврак экилди.
Бошида кўпчилик ишонмаганди. Бугун эса директорнинг ташаббуси мактаб жамоаси то-монидан ҳам қўллабқувватланмоқда. Мазкур лойиҳа эртанги кунда қўшимча даромад олиб келиши ҳеч кимда шубҳа қолдирмаяпти. Шу билан бирга, жорий йилда экилган дарахтлар парваришига ҳам имкон яратилди.
Бунга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўлдан келганча қўшишга ҳаракат қиляпмиз. Ўтган йили эккан дарахтларимизнинг бе-хато кўклаб кетишига эришдик. Ҳозир таълим масканимиз атрофини кўрган кишининг кўзи қувнайди.
— Анча йилдан бери боғдорчилик билан шуғулланиб келаман, — дейди мактаб ишчиси Жума ота Баратов. — Бошқа ҳудудларни бил-мадиму биз тарафларда битта ниҳолни амал олдириш анча мушкул. Боиси, намгарчилик жуда кам. Тупроғимиз қумли. Шунинг учун оғир меҳнат талаб қилади. Албатта, атроф яшилликка бурканса, барчамиз учун яхши.
Бугунги саъйҳаракатлар қисқа фурсатда самара кўрсата бошлайди. Мактаб директори режасига кўра, яқин иккиуч йилда даромад уч юзтўрт юз миллион сўмдан ошиб қолади. Қўшимча ишлаб топилган маблағлар эса, энг аввало, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантиришга йўналтирилади. Шу билан бирга, кам таъминланган оилалар фарзандларини ўқув қуроллари билан таъминлаш, айрим эҳтиёжманд битирувчи ёшларнинг олий таълимдаги ўқишлари учун контракт пулларини тўлаб беришга сарфланади.
— Ўқувчиларимиз орасида билимга чанқоқ, зукколари жуда кўп, — дейди Ш.Менг лиев. — Вилоят ҳамда республика танловларида, фан олимпиадаларида доимо иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келишади. Ишлаб топилган даромаднинг бир қисмини ўқувчиларнинг бошқа шаҳар-ларда бўладиган танловларда иштироки учун йўл харажатларига ҳам ишлатиш белгиланган. Шунингдек, фаол ўқитувчиларни доим қўллаб бориш, мактаб стипендиясини ташкил этиш режамизда бор. Келгусида имкон ярата олсак, бошланғич синф ўқувчиларимиз учун мактабда бепул тушликни жорий этиш мақ-садимиз бор. Лойиҳамизни босқичмабосқич амалга ошириб борсак, ўзимиз учун имкониятлар эшиги очилиб бораверади.
Эътибор қаратган бўлсангиз, ушбу таълим маскани раҳбари ташаббусидан ўрнак олар-лик жиҳатлар анчагина. Бизни қизиқтиргани эса бу ерда сув тежамкорлигини қулай усулда йўлга қў йиб олганида бўлди. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳудудда оқар сув муаммо. Аммо доривор ўсимликни, қолаверса, дарахтларни суғориш учун обиҳаётнинг ўрни катта. Бунинг соддагина усули эса жамоа ишини осонлаштиргани аниқ. Яъни мактабнинг орқа томонида 100 тоннали ҳовуз мавжуд. Уни махсус машиналарда сув ташиб тўлдириш катта харажатга тушиши аниқ. Беминнат ёмғир суви эса бу учун энг мақбул йўл. Ҳозир мактаб тарновларидан тушаётган ёмғир-қор сувлари тўғридан тўғри ҳовузга йўналтирилган. Сув омборчаси тўлдирилгач, вақти келиб, ёмғирлатиб суғориш ускуналари орқали экинзор тўлиқ суғорила бошланади.
Сирасини айтганда, 97-мактаб жамоаси ташаббуси бошқа умумтаълим муассасаларида ҳам жорий этиладиган бўлса, биринчи навбатда, бугун каттагина маблағ сарфланиб сотиб олиниб, экилаётган ниҳоллар эртага ҳеч бир муаммосиз бўй кўрсатиши аниқ. Бундан ташқари, қўшимча даромад топиш ҳам мумкин.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири