Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва ўтказилган мажлиснинг ижросига асосан
“Фавқулодда ҳолатларда инсонийлик жасорати ва фидойилик намуналарини кўрсатган замонамиз қаҳрамонлари образлари акс этган асарлар учун ижодий танлов” эълон қилинган эди.
Танловга 28 нафар муаллифнинг 62 та асари келиб тушди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Рустам Мусурмоннинг “Гўзал дунё, тузал, дунё” шеърлар туркуми, Турсун Алининг “Кўл” ҳамда Анвар Тоғаевнинг “Сирдарё садоси” достонлари, Сардор Ҳамроевнинг коронавирус пандемиясига қарши курашиб, минглаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун жасорат кўрсатаётган фидойи шифокор ва ҳарбий юртдошларимизга бағишланган “Ёнимиздаги фаришталар” драмаси танлов ғолиби деб топилди.
Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида танловнинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ шоири, Уюшма раиси Сирожиддин Саййид иштирок этиб, ғолибларни табриклади. Уларнинг ҳар бирига “Ижод” жамоат фонди молиявий кўмаги асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробари миқдорида пул мукофоти берилди.
Танловга келиб тушган энг яхши асарлар жамланиб, тўплам ҳолида нашр қилинади.