“Орамиздан Марямхон, Хайринисо, Саидахон отлиқ ўқиш учун мамлакатимиздаги тўсиқларға қарши Оврўпаға отилғон фидокор қизларимиз ҳам бор. Уларнинг ўқишлари яхши. Бироқ хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмағони учун йўлларида кўп чатоғликлар кўрадур...”.

Юқоридаги матн қарийб юз йил бурун Германияга ўқишга кетган талабалар ёзган хатларнинг биридан парча. Ўша даврда юртимиздаги турли тўсиқларга, хорижда моддий жиҳатдан қийинчиликларга учрашига қарамай, қатор ўғил-қизлар маърифатпарвар жадидларимиз ёрдамида муҳандис, шифокор, иқтисодчи каби турли касбларни эгаллаб, ўз ватани тараққиётига ҳисса қўшиш учун хорижий ўлкаларга ўқишга борди. Афсуски, бу талабалар тақдири фожиали якун топди. Аммо халқимиз зиёлилари бўлган ота-боболаримиз англаган ҳақиқат — давлат ва жамият тараққиёти учун фидойи, ватанпарвар, ўз соҳасида хориж тажрибасига эга ёшларни тарбиялаш зарурати ўзгармай қолди.

Шу сабаб давлатимиз раҳбари яқинда ёшлар билан ўтказган мулоқотида ушбу йўналишдаги ташаббуслар ва ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Улардан бири билимга чанқоқ, лекин оилавий шароити оғир ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим — “Ёрқин келажак” лойиҳаси жорий этилишини қайд этди.

Хўш, бу лойиҳага қандай эҳтиёж бор эди? Боиси, Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси шу пайтгача чет элда ўқиш истаги бўлган ёшларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади.

Маълумотларга кўра, жамғарма ўтган даврда 2500 га яқин ўғил-қизнинг хорижда таҳсил олишига кўмаклашган. Ўзга юртларда ҳам ўзбек ёшларининг мамлакатимиздаги каби бемалол таълим олиши учун керакли шарт-шароит ва имкониятларни ҳозирлаётир.

Жамғарма хорижий олий таълим муассасасида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритган илғор ўғил-қизларга танлов асосида юз фоизли грантлар ажратади. Грантни олиш учун хорижий университетлардан бирининг талабаси бўлиш талаб этилади. Бу эса хорижда ўқиш ҳуқуқини қандай қўлга киритиш мумкин эканини билмайдиган, бунинг учун алоҳида тайёргарлик кўришга моддий имконияти бўлмаган айрим иқтидорли ёшларнинг орзуларига ўз вақтида тўлақонли эришиши учун ноқулайлик туғдирарди. Янги лойиҳага кўра, ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий шароити оғир ёшларнинг билимга чанқоқ, иқтидорли ўғил-қизлари саралаб олинади. Салоҳиятига мос хорижий ўқув юрти танланиб, тайёргарлик курсларида ўқитилади.

Бу қандай оила фарзанди бўлишидан, хориждаги таълим муассасалари ҳақида тушунчаси бор-йўқлигидан қатъи назар, иқтидорли, чет элда таҳсил олиш орзусидаги ёшлар ниятига эришиш йўлида ҳаракат қилишига ёрдам беради.

Мутафаккир боболаримиз — Имом Бухорий, Хоразмий, Беруний каби қомусий олимлар кўпгина шаҳарларда бўлиб, у ерда ўз билим-салоҳиятини орттиргани ҳақида маълумотлар бор. Халқ вакиллари орасида бундай илм машъаллари кўпайиши эса ўша миллат дунёқараши ўсиши, турмуш шароити, ҳаёти янада фаровонлашишига хизмат қилади. Тарихда бу бир неча бор ўз исботини топган. Жумладан, Уйғониш даври бўлган IX–XII асрларда Марказий Осиё нафақат дунё илм-фан марказига айланган, балки ҳар жабҳада бошқа ўлкалардан бир қадам илгарилаган. Бугунги инсон капитали ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб турган бир даврда ёшларнинг таълим-тарбияси масаласи янада долзарблашиб бормоқда.

Шу боис, давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқотда “Эл-юрт умиди” жамғармаси квоталарини кўпайтириш, айни пайтда таҳсил олаётган ёшларни ёлғизлатиб қўймаслик, хорижда билим-салоҳиятини юксалтирган мутахассисларни янада рағбатлантириш борасидаги ишларни жадаллаштириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.

Мулоқотда ёшлар ҳеч бир ўзбек фарзанди четда қолиб кетмайдиган ислоҳотлар ҳақида эшитиб, қаерда бўлмасин, “Давлатимиз раҳбари мен ҳақимда гапиряпти”, дея юраги ҳаприқиб, ўқиш ва изланишларини янада кучайтирган бўлса ажаб эмас.

Улар юксак орзу-умидлари рўёбга чиқишига ишончи ортиб, янада баландроқ маррани забт этишга бел боғлади. Зеро, ўзбек ёшлари муваффақияти ўзбек халқининг келажаги фаровонлашиши кафолати, янги Ўзбекистоннинг янада тараққий этиши асоси, Учинчи Ренессанснинг тамал тошидир.

Учинчи уринишда орзумга эришдим

Моҳинур МУРОДОВА, Колорадо давлат университети талабаси:

— Болалигимда осмондаги ёрқин юлдузларни томоша қилишни хуш кўрардим. Эсимда, ёз чилласи тунлари кўк юзи тиниқ бўларди. Чақноқ юлдузларга соатлаб термилиб ўтирардим. Қуёш, ой, юлдузлар, булут, ёмғир каби табиат ҳодисалари қандай юз беришига бўлган қизиқишим физика ва астрономия фани сир-синоатларини ўрганишимга замин яратди.

Бунинг натижасида мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ физика фани бўйича турли танловларнинг туман, вилоят, республика босқичларида фахрли ўринларни эгалладим. Аввалдан физика ва астрономия фанларидаги билимимни орттириш учун хорижда таҳсил олишни ният қилганман.

Афсуски, ўн биринчи синфда “Эл-юрт умиди” жамғармаси танловида қатнашиб ўтолмадим. Аммо оиламнинг қўллаб-қувватлаши, қароримга бўлган ишончи менга куч бериб, иккинчи марта “Эл-юрт умиди”га ҳужжат топширдим. Бу сафар ҳам омад мендан юз ўгирди.

Ота-онам, оила аъзоларим “Ўқиб олим бўлармидинг”, деган гапларни ҳеч қачон айтмаган, танловда ёки бирор конференцияда қатнашмоқчиманми, хорижда ўқимоқчиманми — барчасига рози бўлиб, қарорларимни қўллаб-қувватлаган. Ҳатто “Эл-юрт умиди” жамғармаси танловидан иккинчи марта ўтолмаганимда ҳам “Хорижий университетлардан юз фоизли грант ололсанг, ўқишингга розимиз”, дейишган.

Сўнг АҚШ, Буюк Британия, Германия, Янги Зеландия, Италия каби давлатлар топ университетларидан жами 770 минг доллар грант ютиб олдим. Улар орасида юз фоизли грант ҳам бор эди. Аммо виза олиш, чет давлатда яшашнинг ўзи ҳам яхшигина маблағ талаб қиларди. “Эл-юрт умиди” гранти эса бу харажатларни тўлиқ қоплаб берарди, аммо мен уни қўлга кирита олмадим. Менда иккита йўл бор эди: бири — оиламни катта харажатга қўйиб хорижда таҳсил олиш, бири эса орзумдан воз кечиш. Шу тариқа пойтахтимиздаги Вебстер университетида ўқишни бошладим.

Аммо сира орзуларимдан воз кечишни хоҳламасдим. Уйдагиларга айтмай, “Эл-юрт умиди” жамғармаси грант танловига яна ҳужжат топширдим ва ғолиб бўлдим. Буни эшитиб, оила аъзоларим жуда хурсанд бўлди. Ҳа, мен ҳам оиламни катта харажатга қўйишни истамадим, ҳам орзуларимдан воз кечмадим.

Айни пайтда АҚШнинг Колорадо давлат университети физика факультетида таҳсил оляпман. Бу ердаги ўқув жараёнлари менга жуда ёқди, айниқса, университет обсерваторияси астрономия бўйича билимларимни орттиришда жуда қўл келяпти. Физика, астрономия йўналишидаги билимларимни мустаҳкамлаб, келгусида Ўзбекистондаги айни шу соҳа тараққиётига ҳисса қўшишни ният қилганман. Ҳозирдан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигида қандай лойиҳаларни амалга ошира олишим, агентлик фаолиятини кучайтириш учун нималар қилиш зарурлиги ҳақида бош қотиряпман.

Келгусида турли мамлакатлардаги, хусусан, юртимиздаги Майданак обсерваториясида амалиёт ўтаб, соҳада катта ўзгаришларни амалга оширишни ният қилиб қўйдим.

Истакларим амалга ошди

Жасур БОЗОРБОЕВ, Буюк Британиянинг Лестер университети талабаси:

— Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги мактаб кутубхонасида Чарлз Диккенснинг “Оливер Твистнинг саргузаштлари” асарини мутолаа қилаётган кичкина Жасурга сен келгусида Буюк Британияда таҳсил оласан, асарда айтилган жойларни ўз кўзинг билан кўрасан, деса ишонмаган бўлардим. Аммо вақти келиб, бу рўй берди.

Болалигимда китоб ўқишга, айниқса, сиёсий асарларни мутолаа қилишга қизиқишим баланд эди. Айни шу йўналишда ўқиб, изланиб, пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси бўлдим. Талабалик йилларимда хорижда таҳсил олиш истаги янада кучайди. Бунинг имконсиз эмаслигини англадим. Аммо ҳали-ҳануз унинг ўзига яраша қийинчиликлари борлиги қатъий қарорга келишимга тўсқинлик қиларди. Сўнгра оила қуриб, юртимиздаги нуфузли ташкилотлардан бирида иш бошлагач, хорижда ўқиш ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилдим.

Аммо болалик орзумнинг армонга айланишини сира истамасдим. Кўпгина ўзбек ёшларининг хорижда таҳсил олаётганини кўриб, чет элда ўқиш истаги қайта уйғонди. Бунинг учун нима қилиш кераклигини суриштира бошладим.

Кўпчилик “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантларига ҳаракат қилиб кўришим кераклигини айтди. Сабаби ушбу жамғарма гранти ўқишингиз тўловлари билан бирга хорижда яшашингизни ҳам тўлиқ молиялаштиради дейишди.

Ўтган йили жамғарма грантини қўлга киритиб, айни пайтда Буюк Британиянинг Лестер университетида пиар менежмент йўналишида таҳсил оляпман. Бу йўналишни танлашимга Ўзбекистонда пиар соҳаси янги йўналиш сифатида тараққий этиб бораётгани ҳамда мамлакатнинг халқаро имижини шакллантиришда муҳим йўналишлардан бири экани туртки бўлди.

Лестер университети айни йўналишда катта тажрибага эга бўлган олий таълим муассасаларидан бири. Бу ерда ўқиган кўпчилик кадрлар “Гардиан”, СNN каби йирик нашрларда фаолият юритади.

Давлатимиз раҳбарининг ўзбек ёшлари билан мулоқотини энтикиб кузатдим. Айниқса, “Ёрқин келажак” лойиҳасини эшитиб, жуда мамнун бўлдим. Ахир болалигимда бу лойиҳа бўлганида мен аллақачон хорижда ўқиш истагимни амалга оширардим.

Президентимизнинг мулоқотда айтган сўзларидан мотивация олиб, кейинги босқичларни ҳам топ университетларда ўқишга қарор қилдим.

Чет элда орттирган билимим амалиётда қўл келмоқда

Фахриддин ХОЛМУРОДОВ, Транспорт вазирлигининг Жамоат транспорти бошқармаси етакчи мутахассиси:

— Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг (ҳозирги Тошкент давлат транспорт университети) иқтисодиёт факультетини тамомлагач, яқинларим тавсияси билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантига ҳужжат топширдим. Ўша пайтлар бундай танловларда ғолиб бўлишимга кўзим етмасди. Аммо қатнашиб, унинг шаффоф ва адолатли саралаш тизимига эга эканига амин бўлдим. Ҳозир ҳам хорижда қандай ўқисам бўлади, дея маслаҳат сўраганларга жамғарма грантини тавсия этаман.

Жамғарма гранти асосида Германиянинг Берлин техника университетида таҳсил олдим. Ушбу давлатни танлашимга асосий сабаб Германия ўқитиш тизими кўпгина хорижий давлатларникидан бир қадам олдинда эканидир. Университетимизда назария билан амалиёт биргаликда ўқитиларди. Кўпгина амалиётчи мутахассислар билан учрашувлар ташкил қилинарди. Энг асосийси, сиз ўқиш билан бирга ўз йўналишингизда корхона-ташкилотларда ишлаш имкониятига ҳам эга бўлар эдингиз.

Университетда бир лойиҳани муваффақиятли йўлга қўйиш билан бирга унинг омадсизликка учраши сабабини таҳлил қилиш ҳам ўргатиларди. Чунки самарали лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш қулай, аммо омадсизликка учраганларини муваффақиятли қилиш кўп меҳнат ва янгича ёндашувлар талаб этади.

Германияда орттирган билим ва тажрибам айни кунлардаги “яшил” транспорт тизимларини ривожлантириш бўйича етакчи мутахассис сифатидаги фаолиятимда қўл келмоқда. Шу кунларда “яшил” транспортни ривожлантириш билан бирга барча транспорт тармоқлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишга ёрдам берувчи “Ягона Т” платформасини жорий этиш лойиҳасини ишлаб чиқдим.

Ушбу лойиҳа дунёнинг 10 дан ортиқ ривожланган мамлакатидаги транспорт тизимлари чуқур таҳлил қилиниб, биздаги шаклланган транспорт хизматлари ва уларнинг ишлаш механизмларига энг мос тушадиган ечимлар комплекс уйғунлаштирилган ҳолда ишлаб чиқилди. Транспорт йўналишида фаолият юритадиган ёшлар ўртасидаги “Инновацион ғоялар — 2024” кўрик-танловида “Ягона Т” платформам лойиҳаси тенгсиз деб топилди. Айни пайтда лойиҳани амалиётга татбиқ этиш борасида ишлаяпман.

Санжар ЭШМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири