Мазкур баҳор айёми халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тан олинган. 2009-йил 30 сентябрда UNESCO томонидан Наврўз байрами инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. 2010 йил 19 феврал куни БМТ Бош Ассамблеяси 64-сессиясида 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Наврўз байрами халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг ажралмас қисмига айланди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жамият ҳаёти, инсонлар қалби ва онгида ҳам янгиланиш ва тараққиётга дахлдорлик ҳиссини уйғотмоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг 17 февралида “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди.

Юртимизда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остида байрам тантаналари давом этмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ҳар кунингиз бўлсин Наврўз!” шиори остида бўлиб ўтган Наврўз байрам сайли устоз-мураббийлар ва талабалар кўнглига баҳорий  илиқлик, айём шукуҳини олиб кирди.

Юртимиз кўп миллатли, турли динлар вакиллари яшайдиган бағрикенг диёр саналади. Эзгулик ва бунёдкорлик қадриятларини тарғиб этувчи Наврўз байрами юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат вакилларининг ҳам эътиборида бўлди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этилган Наврўз байрами тантаналарига ташриф буюрган меҳмонларга Наврўз байрамининг тарихи, унинг бой маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Дошқозонларда қайнаётган сумалак, байрамона муҳит, “Sumalak party” меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Шодиёнада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, юртимиздаги диний конфессия вакиллари, хусусан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, митрополит Викентий Морар, Рим католик черкови раҳбари, епископ Ежи Масулевич, Миллий маданий марказ вакиллари, Академия профессор-ўқитувчилари, ходимлар, Академик лицей, “Зиё-зукко” умумтаълим мактаби ўқитувчи-ўқувчилари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Малака ошириш маркази ходимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Байрам сайлини Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов табрик нутқи билан очиб берди. Академия ректори барчани яна бир бор уйғониш ва янгиланиш айёми Наврўз билан табриклаб, бу байрам қут-барака элчиси эканлиги, ўзининг барҳаётлиги, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгаллаётганини таъкидлади.

Маросим давомида юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларни акс эттирган саҳна кўринишлари, шеърий-мусиқий чиқишлар намойиш этилди.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Тошкент шаҳридаги диний таълим муассасалари (Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси) ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида спортнинг мини футбол, арқон тортиш ва тош кўтариш турлари бўйича “Дин ишлари бўйича қўмита кубоги” спорт мусобақалари ҳам ўтказилди.

Мазкур спорт ўйинларида умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Ўзбекистон халқаро ислом академиясига, 2-ўрин Тошкент ислом институтига ҳамда 3-ўрин “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасига насиб этди.

Мусобақа ғолибларига Дин ишлари бўйича қўмитанинг дипломлари ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Баҳорий таомлар танлови, сумалак сайли, мазали ош тайёрлаш мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, самарали иш фаолияти ва меҳнати билан барчага ўрнак бўлган Академиянинг бир гуруҳ ўқитувчи-ходимларига ташаккурномалар топширилди. Айниқса, миллий атлас ва адрас либослари, турли миллат халқ ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойишидаги ранг-баранг маҳсулотлар жилоси иштирокчилар қалбига кўтаринки кайфият бағишлади. 

Академия талабалари томонидан Наврўз ва миллий урф-одатларга оид бадиий чиқишлар, юртимиз турли вилоятларининг ўзига хос урф-одатлари акс этган саҳна кўринишлари, республика Миллий-маданий марказлари ансамблларининг бадиий чиқишлари байрам тадбирига янада файз улашди. Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, халқимизнинг суюкли санъаткорлари Абдулла Қурбонов, Гуласал Абдуллаева ижросидаги куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Шерзод МАҲМУДОВ,

журналист