Божхона институти курсантлари ва ёш ходимларнинг билим олишга бўлган интилишини ошириш, ёшларда интеллектуал фикрлаш хусусиятларини янада рағбатлантириш мақсадида “Zakovat” интеллектуал ўйинлари ташкил этилиб келинмоқда, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ва “26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати ходимлари куни” ҳамда Миллий божхона тизимининг 30 йиллиги байрами муносабати билан, Божхона институтида зукко ва зеҳнли курсантлар иштирокида “Zakovat” интеллектуал ўйинининг финал босқичи бўлиб ўтди.
2010 йилдан буён Божхона институтида мунтазам ташкил этиб келинаётган мазкур танлов курсантларнинг мустақил фикрлаши, мантиқий тафаккур, китобхонлик маданиятини шакллантиришда ўзининг катта ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўтган йиллар мобайнида ўтказилган “Zakovat” интеллектуал мусобақалари учта курс доирасида ташкиллаштирилганлиги ўз навбатида ҳар бир курсантнинг ўз салоҳиятини намоён этиш учун имконият яратиб берди. Бу сафар ҳам одатдагидек учта жамоа финал босқичида ўзаро куч синашди. Финал босқичи Ўзбекистон Республикаси “Zakovat” интеллектуал клубининг етакчиси Умиджон Валиев томонидан олиб борилди. Ҳар бир жамоа ўн бир раунд давомида саволларга жавоб беришди. Тўғри жавоблар бир балл, нотўғри жавоблар эса нол балл билан ҳисобланиб борилди. Ўн бир раунд натижасига кўра, бир хил балл тўплаган жамоалардан қўшимча саволлар ёрдамида ғолиблар аниқланди.
Ўйин натижасига кўра, жамоалар Божхона институти “Zakovat” клуби кўчма кубоги, турли даражадаги дипломлар ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Шунингдек, жамоа аъзолари орасидан “Энг яхши билимдон”, “Энг яхши жамоа сардори” номинацияси бўйича билимдонлар ҳам муносиб тақдирланди.
Муножат Мўминова