Самарқанд шаҳридаги “Боғи Шамол Гарден” мажмуасида Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” қўшиқлар танловининг иккинчи босқичи ўтказилди.
Ёш ижодкорларни рағбатлантириш, Ватанни мадҳ этувчи янги ва замонавий мусиқий асарларни излаб топиш, уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш мақсадида, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ёш ижодкорларни қўллаб-қуввалаш ва Ахборот-мультимедиа маркази томонидан ташкил этилган қўшиқлар танловида кўплаб иқтидорли ёшлар иштирок этди.
Танловга тақдим этилган асарлар Ўзбекистон халқ артистлари Мансур Тошматов, Рамз Усмонов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Тоир Қўзиев, шунингдек, тажрибали мусиқашунос, композитор, ҳамда мусиқий сайқалчи томонидан баҳоланди.
Шунингдек, танлов иштирокчиларига устозлар томонидан ижро услуби, авж пардаларини олиш, саҳнани, тингловчини ҳис қилиш борасида керакли ва муҳим бўлган тавсиялар берилди.