Келажаги порлқ ёшларнинг ўз иқтидорларини намойиш қилишлари учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Истеъдод эгаларига ихтисослашган мактаблар бунёд этиш эса бу борадаги ишларнинг ажралмас қисмидир. “Nurafshon business city”да Бадиий академиянинг мактаб-интернати қурилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелда қабул қилган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси тизимида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Шу йил 26 октябрда Тошкент вилояти ҳокимининг “Nurafshon business city” ҳудудидан Бадиий академия тизимида мактаб-интернати қурилиши учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда Нурафшон шаҳар бош режасига мувофиқ “Nurafshon business city” ҳудудидан Бадиий академия тизимида мактаб-интернати қурилиши учун 1,1 гектар ер участкаси Ўзбекистон Бадиий академиясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилиши қайд этилган.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири