Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, унда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш инструментларидан фойдаланган тадбиркорларнинг ҳисобварақларига бепул хизмат кўрсатилади.

Қуйидагилар амалга оширилади:

  • 2025 йил 1 мартгача АТ “Алоқабанк”нинг ҳудудларда ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларни тижоратлаштиришга ҳамда молиялаштиришга кўмаклашиш (“Стартаплар”) лойиҳаси республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилади ва лойиҳанинг ҳудудлардаги бўлинмалари малакали кадрлар билан тўлдирилади;
  • 2025 йил 1 апрелдан ҳар ойда 1 та ҳудудда “инвестор кун”лари ташкил этилади ҳамда ҳудуддаги ОТМлар билан ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2025 йил якунигача:

  • акселерация ва инкубация дастурларини муваффақиятли якунлаган стартаплар сони 200 тага етказилади; 
  • ҳудудларда “Ёшлар бизнес-инкубатори” марказлари ташкил қилиниб, тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда муваффақиятли тадбиркор даражасигача ривожланишлари учун қўшимча шароитлар яратилади, жумладан уларга тайёр офислар ижарага берилади, бухгалтерия, маркетинг, экспорт бозорларига чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилади.