Ёшлар пресс клуби биносида ёш ёзувчилар ҳикояларидан иборат “Орзу ва денгиз” ҳамда Иқбол Мирзонинг “Бону” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар, ноширлар ва китобхонлар иштирок этди.

 “Factor books” нашриёти томонидан чоп этилган мазкур китоблар ҳақида адабиётшунос олим Сувон Мели, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳиддин Омон, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурилла Чори, журналист ва ёзувчи Холиёр Сафаров, адиба Гўзалой Солиҳ сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, ёзувчилар сафида аёл-қизларнинг кўпайиб бораётгани, тўпламдан 14 нафар адибанинг ҳикоялари ўрин олгани қувонарли ҳол экани таъкидланди.

 – Китобга менинг ҳикоям номи сарлавҳа қилиб олинганидан хурсанд бўлдим, –  дейди адиба Рахшона Аҳмедова. – Тақдимотга қатнашиш учун Кореядан етиб келдим. Республиканинг турли ҳудудларидан келган ижодкор дўстлар билан фикр алмашдик. Ўйлайманки, ёш ёзувчиларнинг ҳикоялари китобхонларга маъқул келади.

“Орзу ва денгиз” китобидаги ҳикоялар ўқувчилар томонидан баҳоланиб борилади, сентябр ойида энг кўп балл тўплаган уч нафар муаллиф нашриётнинг махсус совғасига эга бўлади.