Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга ҳар томонлама кўмаклашиш, жамиятимиздаги қатор ижтимоий ва маиший муаммоларни баратараф этишда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланиб бормоқда.
Айниқса, кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ҳурмат-эътибор ва меҳр-оқибат кўрсатиш, саломатлигини асраш, турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида давлатимизнинг мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базаси янада такомиллашиб, қатор қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилнинг ўзида 959 нафар нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 июнда қабул қилинган “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунига биноан, “Фахрий мураббий” орденига номзод сифатида 2 минг 858 нафар нуронийдан иборат рўйхат шакллантирилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “1 октябрь — Халқаро кексалар куни”ни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.
Ушбу муҳим чоралар кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллик кўрсатиши учун муносиб шароит яратиб бериш, маҳалла ва оилалардаги турли масалаларни кенг жамоатчилик, хусусан, кекса авлод вакиллари ҳамкорлигида ҳал этиш имкониятини бермоқда.
Нуронийларнинг катта ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш, айниқса, оилавий мураккаб вазиятларга ечим топиш, жамиятдаги кўплаб ижтимоий ва маиший масалаларни бартараф этишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ўтган вақт давомида қатор ишлар қилинди. Жумладан, барча вилоят ва туман (шаҳар)ларда Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ва “Бувижонлар мактаби” кенгаши ташкил этилди.
Маҳаллаларда жойлашган оталар чойхоналари ҳамда туман (шаҳар)лардаги “Нуронийлар маскани” ва бошқа турли муассасаларда кексалар ҳамда фахрийлар иштирокида қатор маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Мазкур тарғибот тадбирлари мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқимиз азалдан оила аталмиш қўрғонни муқаддас атаб, унинг бузилиши натижасида фарзандларнинг ота-она меҳрисиз камолга етишини жамиятнинг энг оғриқли жиҳатларидан бири санаб келади. Унинг олдини олиш ва оилаларда юзага келаётган низо ва зиддиятларни ижобий ҳал этиш мақсадида маҳалла-кўй, айниқса, нуроний ва кайвони инсонлар ёрдами беқиёс эканини барчамиз яхши англаймиз. Бугун ҳам оилавий ажримларнинг олдини олишда халқимизнинг неча асрлик ушбу анъаналаридан самарали фойдаланиб келинмоқда.
Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йил давомида ажралиш ёқасига келиб қолган 11 минг 490 та шундай оила сақлаб қолинди. 5 минг 865 та нотинч оиладаги вазият эса, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари аралашуви билан ижобий тарафга ўзгарди. Албатта, бу каби минглаб оилаларнинг сақлаб қолинишида фидойи ва фаол нуронийлар, маҳаллалардаги катта ҳурматга эга отахону онахонларнинг хизмати муҳим аҳамият касб этади.
Мавзунинг мантиқий давоми сифатида айтиш жоизки, жорий йилда нуроний отахонлар, онахонлар ва фаол хотин-қизларнинг “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва инсон ҳаётида оиланинг ўрнини янада ошириш” юзасидан Ўзбекистон ёшларига мурожаати қабул қилинди. Шунингдек, ҳафтанинг шанба куни маҳаллаларда “Аҳил оила куни” деб эълон қилинди. Ушбу муҳим ташаббусларнинг ҳаётга жорий этилиши замирида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш мақсади мужассам.
Кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётида, миллий урф-одат ва анъаналарни ривожлантиришдаги ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида маҳаллаларда қатор маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Маҳаллаларда маънавий муҳитни янада яхшилашнинг энг самарали тизими сифатида йўлга қўйилган “Ҳар бир нуроний — беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ва уюшмаган 198 минг 638 нафар ёш 36 минг 218 нафар нуронийга бириктирилди. Айни вақтда улар иштирокида ёшлар маънавиятини ошириш, уларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, ёш авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг натижаси ўлароқ, маҳаллаларда тарбияси оғир ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар сони кескин камайишига эришилди. Шунингдек, уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг янги ва ҳаётий методлари ҳаётга жорий этилмоқда. Кекса авлод вакилларининг саломатлигини асраш, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз яшовчи нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 228 минг 564 нафар нуроний бепул чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, санаторийларда 8 минг 678 нафар нуронийнинг соғлиғи тикланди. Шунингдек, 179 минг 240 нафар нуронийнинг юртимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳат қилишига шароит яратилди. Давлатимизнинг ижтимоий ҳимоялаш дастурлари асосида кекса авлод вакилларининг 1 минг 620 нафарига ногиронлар аравачаси, 1 минг 532 нафарига эшитиш мосламаси, 1 минг 600 нафарига ҳасса (қўлтиқтаёқ), 400 нафарига кўзойнак, 3 минг 5 нафарига эса бошқа реабилитация воситалари берилди. Шу билан бирга, эҳтиёжманд оилаларда яшаётган кексаларнинг хонадонларида ҳашар ўтказилиб, уларга доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситалари етказиб берилмоқда.
Айни вақтда юртимиз миқёсида бошланган “Кексалар ҳафталиги” доирасида ҳам бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари тизимли равишда ташкил этиш белгиланган. “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида ўтказилаётган ҳафталик давомида юртимиздаги барча маҳаллада нуронийлар, жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, хайрия тадбирлари, нуроний ва ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилади. Жойларда янги қад ростлаётган “Нуронийлар маскани”, “Маҳалла маркази” мажмуалари, фуқаролар йиғини бинолари ҳамда маҳаллалардаги бошқа ижтимоий объектларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, ҳафталик давомида пенсионер, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилади, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилади. Малакали шифокорлардан ташкил топган “Тиббиёт автобуслари” орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади, зарур дори-дармон воситалари билан таъминланади.
Бир сўз билан айтганда, жорий йилда ўтказилаётган навбатдаги “Кексалар ҳафталиги” маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, нуронийлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда катта ўрин тутади.