Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 25 декабрь куни мамлакатимизда биринчи бор янгича форматда ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида қилган маърузасида ёшларни “Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” деб атади. Зеро, 2020 йил 29 декабрь куни Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилиши янги авлодга нисбатан эътиборнинг мантиқий давоми ва изчиллиги намунасидир.

 2017 йилдан буён анъанага айланган давлат раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасида жорий йилда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида бажарилган ишлар, эришилган натижа ва кўрсаткичлар, келгуси йилда мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим мақсад ва вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Мурожаатномада бу йил мураккаб ва серташвиш келгани, лекин шунга қарамай халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати туфайли мавжуд қийинчиликлар мардонавор  енгиб ўтилгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, давлат органлари, жамоат ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчилик ва муаммоларга “бир ёқадан бош чиқариб” курашилди. Албатта, бунда мамлакатимиз ёшларининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.

Кириб келаётган 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб  эълон қилинди. Бу, албатта, бежиз эмас. Халқимизда “Меҳнат қилсанг – роҳат кўрасан” деган мақол бор. Мурожаатномада Ўзбекистон ёшлари манфаатлари 2021 йилда ҳам ҳар томонлама ҳимоя қилиниши алоҳида таъкидланди. Ўз олдимизга Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Ушбу йўналишда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги босқичга кўтаришимиз лозим.

Мурожаатномада ўқитувчилик энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши кераклиги таъкидланди. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат уларга барча шароитни яратиб бериши зарур. Бугун “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя ҳар бир ёш авлоднинг қалбида жўш урмоқда. Бу жўшқинликни бардавом бўлиши учун эса ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти, унда билдирилган эътироф ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, жамиятимизда таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, Олий Мажлис палаталари Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаб, бу борада фаоллик кўрсатган юртдошларимизни рағбатлантиришни ҳам назарда тутиши мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди. Мазкур йўналишда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш, иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технология ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш, миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш, олий таълимга ажратиладиган давлат грантларини камида 25 фоизга ошириш, илғор халқаро амалиёт асосида доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколатини ўз йўналиши бўйича нуфузи юқори бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказиш, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этиш  зарурлиги таъкидланди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, 2021 йилда она ва бола соғлигига алоҳида эътибор қаратилади, коронавирус пандемиясига қарши кураш тизимли равишда давом эттирилади, санитария-эпидемиология хизмати сифати оширилади, унинг моддий-техник базаси яхшиланади, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёллар 7 турдаги витаминлар, болалар паразитар касалликларга қарши дори воситалари билан бепул таъминланади, тиббиётнинг бирламчи бўғини, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизмат сифати янги босқичга кўтарилади, жисмоний тарбия ва спорт кенг оммалаштирилади ҳамда аҳоли саломатлиги муҳофаза қилинади.

Усмонжон Бўтаев,

 “Истиқбол” тадқиқот маркази раҳбари