Шу мақсадда жойларда амалга оширилаётган ташаббусларнинг ижросини ўрганиш, мавжуд шароитларни янада такомиллаштириш ва янги имкониятларни яратиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг жойлардаги ижроси билан яқиндан танишиш мақсадида ҳамда ёшлар ҳаётига бевосита дахлдор масалаларни чуқур таҳлил қилиш мақсадида Республика комиссияси ишчи гуруҳи Термиз давлат университетига ташриф буюрди. Ишчи гуруҳ таркибида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси раиси Қ.Қуронбоев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари О.Ҳасанов, Спорт вазири маслаҳатчиси Ш.Mўминжонов, Ёшлар ишлари агентлиги директори A.Saъдуллаев ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъул ходими Х.Эшовлар иштирок этди. Термиз давлат университетида бўлиб, талаба-ёшлар ҳаёти, уларнинг илмий ва ижодий фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ташриф айниқса рамзий маънога эга бўлди, чунки у Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида белгиланган кунга тўғри келди. Шу муносабат билан ташкил этилган учрашув ёшлар учун алоҳида илҳом манбаи ва рағбат бўлди.
Ташриф аввалида университетда анъанавий тарзда ўтказиладиган “Ректор кубоги” спорт мусобақаларига тантанали старт берилди. Мазкур мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Талабалар спорт майдонида нафақат жисмоний салоҳиятини намойиш этдилар, балки дўстона рақобат ва ҳамкорлик руҳини ҳам янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар университетнинг Илмий-тадқиқот марказида талаба-ёшлар томонидан амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар билан танишдилар. Хусусан, сунъий интеллект асосида ишлаб чиқилган замонавий бошқарув тизими тақдимоти катта қизиқиш уйғотди. Шу ерда талабалар ўзларининг стартап лойиҳаларини намойиш қилиб, амалий тажриба ва инновацион ғояларни бирлаштириш имкониятини намоён этдилар.
Ташриф давомида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ёшларга яратилаётган замонавий имкониятлар билан таништирди, уларнинг бизнес ғояларини ривожлантириш ва амалга ошириш борасида амалий кўрсатмалар берди. Келажаги порлоқ лойиҳалар Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ёшлар венчур фонди орқали молиявий қўллаб-қувватланади. Бу эса ёшларни ўз ғояларини амалда синаб кўриш ва илғор технологиялар асосида янги лойиҳаларни яратишга илҳомлантиради.
Шунингдек, талабалар билан самимий ва очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ёшларга бугунги кунда яратилаётган кенг имкониятлар, таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллашнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Талабалар эса ўзларини қизиқтирган саволлар, келажакдаги режалари ва таклифлари билан фаол иштирок этдилар.
Бир сўз билан айтганда, ушбу учрашув пайшанба кунга тўғри келгани рамзий маънога эга бўлиб, Термиз давлат университети ёшлар учун билим, ижод ва стартап фаолияти учун барча замонавий шарт-шароитларни яратган маконга айланганини амалда намойиш этди. Бу эса янги Ўзбекистон тараққиёти, ёшларнинг билим, ташаббускорлик ва инновацион салоҳияти билан бевосита боғлиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, спорт ва маданият соҳаларида рағбатлантириш тизими ёшларимизни янада фаол, ижодкор ва ташаббускор бўлишга ундамоқда. Шу йўналишда амалга оширилаётган ҳар бир қадам янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги сари муҳим замин яратмоқда.
Жамшид НАЗАРОВ,
Термиз давлат университети Ўзбек филологияси факультети тютори