Эндиликда ҳар биримиз ёлғон статистика ва хўжакўрсинга эмас, балки ҳақиқий иш жараёни учун ҳаракат қиламиз. Энг аввало, ёшлар балансини яратишга катта эътибор қаратилади. Бу жуда муҳим масала.
Шу пайтгача мактаб битирувчиларининг қайсидир қисми олий таълимга, қансидир қисми коллежга кирди. Лекин қолган ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи ўлда-жўлда қолиб кетди. Шу боис биз ёшлар балансига катта аҳамият бериш ниятидамиз. Ушбу жараёнда электрон тизим яратилиб, бандлиги таъминланиши керак бўладиган битирувчиларимиз билан маҳаллий ҳокимликлар, секторлар билан ҳамкорликда манзилли ишлар олиб борамиз. Бу, албатта, мактаб битирувчиларига ҳам жуда катта ёрдам бўлади. Чунки уларнинг бир қисми касбга ўргатилади, қолганлари эса иш билан таъминланади. Бу борада ҳар бир сектор раҳбарига қатор вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, яна бир муҳим масала, ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш масаласидир. Бу – мактабдан ташқари бўлган таълим дегани. Мана аста-секин пандемия шароити ҳам енгилашяпти. Демак, тўгараклар, мушоиралар, спорт машғулотлари ва ички туризмни бемалол ривожлантирсак бўлаверади. Яъни, болаларимиз ўқишдан ташқари бўлган вақтларини унумли ва самарали ўтказишади. Шунда улар ҳақиқий кенг қамровли ижодкор фарзандга айланишади. Айни масалада Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, умуман қатор вазирлик идораларига топшириқлар берилди. Айниқса, болаларни кўпроқ тўгаракларга жалб қилишга катта эътибор қаратилди.
Биз Маданият вазирлиги билан мактабларимизда мусиқа мактаблари филиалларини очиш борасида ҳамкорликда ишламоқчимиз. Чунки ҳамма болалар ҳам мусиқа мактабларига боролмайди. Агар ўзи таълим олаётган мактабда филиали бўлса, болаларимизда кўпроқ қатнашиш имконияти бўлади.
Бундан ташқари, мактабларимизда спорт заллари, футбол майдончаларини яратишга янада кўпроқ эътибор қаратилади. Мана ҳозирги кунларда маҳаллий ҳокимларимиз мактабларга бориб, қўшимча ёрдам қилиш масаласида ташаббуслар билан чиқишяпти. Бунда нақафат мактаб ўқувчиларимиз спорт билан шуғулланади, балки ўша атрофдаги қолган ёшлар ҳам бўш вақтини спорт билан мактаб ҳудудида ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Шерзод ШЕРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири