Фурқат, Беруний, Фаровон, Янгиобод ва Даштбоғлик ишсиз ёшларнинг муаммолари ариганидан мамнун. Сабабики сектор раҳбари ташаббуси билан ўтган тадбиркор ва ёшлар учрашувида уларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Кимнингдир янги новвойхона очишдаги кредит масаласи ҳал этилган бўлса, яна кимдир ишлаб чиқариш корхонасида ўз ихтисослашуви бўйича ишли бўлди. Бу оддий учрашув бўлмади. Балки бу кун ёшларнинг ҳаётига ёруғлик олиб кирган, қувонч улашган дамлардир. Доимо муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар масаласи кўтарилганда унинг туб моҳиятида оддий мана шу ҳаётий ҳақиқатлар ётади.
Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 13 апрелида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор ўтказилди. Унда ёшларнинг фойдали даромад олиши учун қулай шароит яратиб бериш, «Ёшлар дафтари»даги ўғил-қизларга ажратилган кредитлардан тўғри фойдалана олишлари, мустақил равишда тадбиркор бўлиб, оёққа туришларида амалий кўмак бериш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Муҳтарам Президентимиз ушбу селекторда биз сектор раҳбарларга бир қатор топшириқларни белгилаб бердилар. Бу бўйича ҳудудларда бўлиб, аҳолини ичига кириб боришимиз, ёшлар билан учрашиб уларга қулоқ тутишимиз қуйи бўғиндаги муаммоларнинг ечим топишидаги асосий омилларни кўрсатиб бердилар. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг муҳим кўрсатмаларининг жойлардаги ижросини бажаришга киришдик, - дейди Наманган шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Аюбхон Ғайбуллаев.
Вазифалар ижроси ҳудудларда аниқ мисоллар, ёшлар билан юзма-юз туриб учрашишдан иборат бўлибгина қолмай, уларни муаммоларини бартараф этиш, эртанги ҳаётга ишончини уйғотиш каби амалий ҳаракатларда намоён бўлмоғи керак. Шу маънода Наманган шаҳар 4-сектор раҳбари Аюбхон Ғайбуллаев ташаббуси билан «Даштбоғ» маҳалла фуқаролар йиғинида очиқ мулоқот ташкил этилди. «Ёш тадбиркор – давлатга кўмакчи» мавзусидаги ушбу мулоқот ёшлар ва тадбиркорларни бир доирада бирлаштирилгани бежиз эмасди. Тадбирда қатнашган тадбиркорлар «Ёшлар «1+1» дастури бўйича ишсиз ёшларни банд этиши кўзланганди. Бу натижага ҳам эришилди. Якка тартибдаги тадбиркор Аҳмаджон Шокиров, «Ойдин Файз» масъулияти чекланган жамияти, “Fashion” корхонаси ҳамда «НаманганМаш» акциядорлик жамияти масъуллари ёшларга бўш иш ўринларини таклиф этди.
– Бўлиб ўтган учрашувда бизнесимни бошлаш, уни юритиш учун соҳа вакилларидан керакли маслаҳатлар олдим, — дейди Шукуржон Жўрабоев. – Тадбиркорликни бошлашимга кредит маблағи масаласида сектор раҳбари ҳамда банк ходимлари ёрдам беришини айтишди. Шундай учрашув ва мулоқотлар, албатта кўп бўлса биз каби ёшларнинг муаммолари ҳал бўлиб жойларда янги ишлаб чиқаришлар йўлга қўйиш имконияти кўпаяверади.
Ҳақиқатдан ҳам ўз бизнесимни йўлга қўяман деб лойиҳасини кўтариб юриб куни ўтаётган ёш ишбилармонларга елка бериш ёки банкдан кредит олиб уни қандай мақсадли равишда фойдаланишни билмаётган ёшларга амалий кўрсатма бериш бугунги кундаги муҳим масала. Ёшларни ўз иш жойига эга бўлишида, ўз оиласига даромад топиб киришида сектор раҳбарлари бошчилигидаги олиб борилаётган ҳаракатлар ушбу очиқ мулоқотлар сингари учрашувлар билан яна ҳам жонланмоқда.
Тадбирнинг энг аҳамиятли томонларидан бири, мамлакатимиз Президентининг Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Фарҳод Раҳимбоев, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими бошлиғи Мухторжон Исақов, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, банк тизими вакиллари, юзга яқин ёшлар ва тадбиркорлик субъектларининг масъуллари иштирок этиб, тадбиркор ва «Ёшлар дафтари»да турувчиларга ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги қатор имкониятлар хусусида йиғилганларга тушунча берилди.
Маҳорат дарсига айланган учрашувда жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва ташкилотларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши, 1 июндан бошлаб, корхона ва ишлаб чиқариш фирмаларида амалиёт ўтаган «Ёшлар дафтари»даги талабаларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, «Ёшлар дафтари»га кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилиши бўйича маълумотлар берилди.
Очиқ мулоқотдан сўнг тадбир ташкилотчилари сектор ҳудудидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кам даромадли оилалар ҳолидан хабар олди. Шундай улуғ кунларда бошқа миллат вакиллари ҳам йўқланди.
Солиқ хизмати органлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида бу сафар ҳам ҳар қачонгидан ҳам юқори даражада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясига бириктирилган 4-секторда кам таъминланганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш келинмоқда.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Темир дафтар»даги 615 та оиланинг ҳар бирига кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган 4 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
Наманган шаҳар.