Бугунги глобаллашув даврида тараққиётнинг юксак марраларини кўзлаб интилаётган ҳар бир давлат олдида ёшларнинг қалби ва онгини ёт ғоялардан асрашдек муҳим вазифалар кўндаланг бўлиб турибди. Бунга эришиш учун, аввало, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш лозим. Жумладан, бу масала мамлакатимиз учун ҳам долзарбдир.
Бугун юртимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан ошди ва уларга оид масалалар билан ишлашда янгича ёндашув ва талабларни юзага чиқармоқда. Жамиятимиздаги ислоҳотлар жараёнида бу масалаларга устувор аҳамият берилаётгани навқирон авлодни эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялашда муҳим омил бўлаётир.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Хусусан, давлат дастурининг 96 та бандида ижтимоий соҳани ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда муҳим вазифалар белгиланган. Биринчи навбатда, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофазалаш, ёшлар бандлиги ва реал даромадларини ошириш ҳамда 2021–2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини амалга ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби устувор вазифалар шулар жумласидандир.
Ёшлар бандлигини таъминлаш омилларидан бири уларни талаб этилаётган касб бўйича ихтисослаштиришдир. Шу боис, давлат дастурида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида кўнгилли тадбиркорларни жалб этган ҳолда 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббусини амалга ошириш вазифаси қўйилгани, айниқса, аҳамиятлидир. “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиш орқали ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш вазифалари белгиланди. Давлат дастурида назарда тутилган мазкур вазифаларнинг амалиётга тўлақонли жорий этилиши натижасида ёшларнинг арзон ишчи кучи сифатида меҳнат бозорига кириб келишининг олди олиниб, бугунги кун талабига жавоб берадиган рақобатдош кадрлар бўлиб етишишига эришилади.
Дастурда ёшларимизнинг узлуксиз таълим олишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш тартибини жорий этиш, олий таълим муассасаларига талаба-қизларни қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун ажратилган грантлар сонини 2 баробар кўпайтириб, 2 мингтага етказиш каби бандлар мавжудлиги оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг яна бир ёрқин мисолидир.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор Президентимизнинг ҳудудларга ташрифларида ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари бу жараёнда барча соҳаларга, айниқса, ёшлар муаммолари ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, касбга ўргатиш ҳамда ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришиши учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарурлиги айтиб ўтилди.
Албатта, биз депутатлар ҳам мазкур сиёсатни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Президентимизнинг кўрсатма ва топшириқлари, давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Бу борада таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиб, ҳудудларда ёшларнинг ҳаёт тарзини, бандлик даражасини доимий ўрганиб борамиз. Жараёнда уюшмаган ёшларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича асосли ва ечими бор таклифлар ишлаб чиқиш зиммамиздаги муҳим вазифадир.
Собир ТУРСУНОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати,
педагогика фанлари доктори