Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да «Ёшлар бандлиги – бугунги кун талаби» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, «Hududgaz Navoiy» газ таъминоти филиали, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят Бандлик бошқармаси каби бир қатор ташкилот вакиллари иштирок этди.

Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Навоий касб-ҳунарга ўқитиш маркази томонидан пайвандчилик касбига қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилган Навоий шаҳри ва Кармана тумани ҳудудидаги 50 нафар «Ёшлар дафтари»га киритилган ёш пайвандчилар билан тегишли тартибда шартнома тузилиб, улар «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш ишларига жалб қилинди.

Тадбирда ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшларга давлат намунасидаги сертификатлар ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан зарур меҳнат қуроллари (пайвандлаш ускунаси) топширилди, деб хабар беради Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.