Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Шалола Назирқулова” фермер хўжалигида бўлиб ўтган кўргазмали семинар-йиғилиш ёшлар бандлиги масаласига бағишланди. Унда республика ишчи гуруҳи аъзолари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А. Усмонов, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Х. Очилов иштирок этди.
Бандликни таъминлашда деҳқончилик энг асосий омиллардан бири саналади. Ёшлар учун ер ажратиш масаласига бағишланган семинар-йиғилишга, асосан, “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз йигит-қизлар, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва банк вакиллари таклиф этилди.
Туман ҳокими Р. Жўраев ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш механизми, унинг мақсад ва вазифалари, бу борада туманда олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот ва тушунтириш берди. Янги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи 10 нафар ишсиз ёшга ер ажратилгани маълум қилинди, ундан самарали фойдаланиш, хусусан, тут кўчатлари экиш борасида тавсиялар берилди.
Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси
матбуот хизмати