Ойлик доирасида айнан туғилганлиги қайд қилинмаган ёшлар аниқланиб, Самарқанд туман ФҲДЁ бўлими томонидан уларнинг туғилганлиги муддати ўтиб қайд қилиниб, гувоҳномалар қисқа муддатларда расмийлаштириб берилди. Аҳамиятлиси, гувоҳномалар бўлим мудираси З.Нуриддинова томонидан маҳаллалар, яъни ёшларнинг яшаш хонадонларига ташриф буюрган ҳолда топширилди.

— Оилавий муаммолар сабаб 16 йилдан буён ўғлимга туғилганлик гувоҳномаси ололмаётгандим, — дейди «Туркман» маҳалласида яшовчи Ойсара Раҳимова. — Бу ўғлимни мактабга бериш масаласида ҳам айрим ноқулайликлар туғдирганди. Туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилганимда улар муаммомизга қонуний ечим топишда кўмаклашиб, гувоҳномани расмийлаштириб беришди. Биз каби фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишлари учун яратилаётган бундай қулайликлар мушкулимизни осон бўлишига ёрдам бермоқда.

Бундан ташқари, туманнинг «Янгиравот» маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаммад Фурқатов оила қурганига кўп йиллар бўлган бўлсада, қонуний никоҳдан ўтмаган. Бу ҳолат уларнинг фарзандларига гувоҳнома расмийлаштиришда тўсиқ бўлган. Тадбир давомида ушбу оила вакилларининг никоҳи қайд қилиниб, бирйўла оиланинг 3 нафар фарзандларига ҳам туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштирилиб, жойига чиққан ҳолда топширилди.

— Мен ҳозир 12 ёшдаман, — дейди шу оила фарзанди Жейран Ҳасанова. — Шу пайтга қадар туғилганлик гувоҳномам йўқ эди. Бугун уни ўзлари олиб келиб беришгани жуда қувонтирди. Чунки энди расман фуқаро сифатида эътироф этилдим. Мен қатори укаларим ҳам гувоҳномалик бўлишгани айни муддао бўлди.

Туғилганлик гувоҳномаси олган ёшларга ойлик муносабати билан Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд туман бўлими томонидан китоблар совға қилинди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июнь ҳолатига туман ФҲДЁ бўлими томонидан 64 нафар фуқароларнинг туғилиши муддати ўтказилиб қайд қилинган.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати