Мамлакатимизда кейинги йилларда барча жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли, чуқур ва шиддатли ўзгариш ва янгиланишлар амалдаги қонунчилик, хусусан, Асосий қонунимизни ҳам қайта кўриб чиқиш, уни янги даврга мос, тараққиётга кенг йўл очиб берадиган, ислоҳотларни қўллабқувватлайдиган, бир сўз билан айтганда, ҳуқуқий асос бўла оладиган даражага етказишни тақозо этди. Шу боис, Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнини том маънода янги давр, Янги Ўзбекистон талаби, эҳтиёжи ва зарурати сифатида юзага келди, деб айтиш мумкин.

Конституциявий қонун лойиҳасини  тайёрлаш жараёни бир неча босқичда ташкил этилди. Уни шакллантириш ва тайёрлашда БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар томонидан қабул қилинган 400 дан зиёд халқаро ҳужжат, 190 га яқин мамлакат конституцияси пухта ўрганилди ва таҳлил қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, фуқаролардан таклифлар олинди. Мазкур комиссия таклифларни ўрганиб чиққанидан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси шакллантирилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Бундан ташқари, лойиҳа бир неча бор турли даражада муҳокама қилинди, 10 га яқин халқаро экспертизадан ўтказилиб, хорижлик мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланди.

Маълумотларга қараганда, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан бугунга қадар 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган. Қувонарлиси, уларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилган. Таклифларнинг ҳар тўрттадан биттаси лойиҳадан жой олган. Шу боис, янги таҳрирдаги Асосий қонунимизни бемалол умумхалқ Конституцияси ёхуд халқчил Конституция, деб аташ мумкин. Унда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, албатта, бежиз эмас.

Чунки мамлакатимиз аҳолисининг 18 миллиондан ортиғини ёшлар ташкил этади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар”, деб аталади. Мазкур бобнинг 79-моддаси бевосита ёшларга бағишланган бўлиб, унда “Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”, дейилган.

Кўриб турганимиздек, ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароит яратиш, уларга маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланишига шароит яратиш ҳамда бандлигини таъминлаш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олмоқда. Бу эса ёшларимизга рағбат бериш баробарида, ҳаётда ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этишига имконият яратади.

Яна бир эътиборли жиҳат шундан иборатки, янги таҳрирдаги Конституцияда ёшларнинг танлов асосида бепул олий таълим олиши ҳам кафолатланмоқда. Очиқ айтиш керак, сўнгги ўн йилда ёшларнинг давлат гранти асосида бепул таълим олиши салмоғи анча камайган эди. Айни пайтда давлат гранти асосидаги квоталар сони икки баробар кўпайиб, 40 мингга етказилди. Бунинг натижасида ёшларда, аввало, билим олишга қизиқиш ва иштиёқ ошади. Илмли йигит-қизлар кўпайишига замин ҳозирланади, улар ўз иқтидорини намоён этишига шароит вужудга келади.

Олий Мажлис палаталари шу йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу, албатта, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеадир. Шу боис, у барчамиздан, айниқса, ёшлардан фаоллик ва уюшқоқликни талаб этади. Ушбу жараёнда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти  аъзолари ҳам кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи бўлиши мақсадга мувофиқ. Айни пайтда Ёшлар парламенти олдида бир қатор муҳим вазифалар турибди.

Жумладан, жамиятимизнинг ёшлар қатламига Конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда референдумнинг зарурати, мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ қилиш лозим. Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти айни пайтда бу борада бир қанча амалий тадбирларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Барча саъй-ҳаракатларимиз конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, бўлғуси референдумда ёшларимизнинг фаол ва уюшқоқлик билан иштирок этишига қаратилган.