Марказий Осиё ёшлар форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил  12 майдаги фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” доирасида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро форумни очар экан, ушбу жаҳон анжуманининг ўзига хос хусусиятлари, долзарблиги ва муҳимлигини кўрсатадиган бир қатор мезонларни қайд этиб ўтди.

Марказий Осиё ёшлар форуми иштирокчиларини, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи видеомурожаат орқали табриклади.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси номидан – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили в.б. Жофри Ижумба Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили Муҳаммад Лавал Сулаймоннинг қутлов сўзлари тингланди.

Сўзга чиққанлар Марказий Осиё ёшлар форуми унинг иштирокчилари учун ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш механизмлари бўйича зарурий билимларга эга бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қулай ахборот-маърифат ва амалий муҳокама-мунозара майдонига айланишига ишонч билдирдилар. Бунда халқаро анжуман иши давомида сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, илмий-академик доиралар намояндалари ва тадбиркорлар, Ўзбекистон ва дунё ёшлари вакиллари ўртасида бўлиб ўтадиган жонли мулоқотлар муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

Шундан сўнг жаҳон анжумани ўз ишини учта ялпи мажлис доирасида давом эттирди. Форумда миллий ва хорижий экспертлар, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари – 800 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.

Халқаро форумнинг асосий миллий ташкилотчиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.

Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Шунингдек, мамлакатимиздаги барча ёшлар ташкилотлари халқаро форумга фаол жалб этилган.

 Баҳор Хидирова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири