Ёшлар билан доимий мулоқот қилиш мазкур соҳадаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари фаолиятининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Шу билан бирга, ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бироқ ёшлар билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, маълумотларга кўра, 2022 йилда республикамизда жами содир этилган жиноятларнинг қарийб 37 фоизи ёшлар томонидан содир этилган.
Таъкидлаш лозимки, ёшлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олишда, биринчи навбатда, уларнинг асл сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш талаб этилади. Нега деганда, ҳар қандай жиноятларнинг олдини олишда, аввало, уларни келтириб чиқарган сабаблар ҳамда шарт-шароитлар тўғри аниқланиши лозим.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда республикамизнинг барча ҳудудларида жиноятчиликнинг, шу жумладан, ёшлар жиноятчилигининг сабаб ва шарт-шароитлари ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича илмий ва амалий асосланган янги ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятида ИИВ Академияси, Ёшлар ишлари агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда Термиз шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг омиллари илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилинди ҳамда Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоят ёшлар етакчилари иштирокида муҳокама қилинди.
Ўрганиш ва таҳлиллар оиладаги носоғлом муҳит, таълим муассасаларидаги тарбиявий жараёнларнинг етарлича йўлга қўйилмагани, атрофдагиларнинг салбий таъсири, ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги, ишсизлик, мутасадди ташкилотларнинг ёшлар масаласига юзаки муносабатда бўлиши, ёшлар бўш вақтининг мазмунли ва мақсадли ташкил этилмаслиги кабилар ёшлар жиноятчилигининг асосий омиллари сирасига киришини кўрсатмоқда.
Тадбирда ёшларнинг кенг қатламларига дахлдор бўлган долзарб масалалар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, жойларда, аввало, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли ёшларнинг ўз иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиш, уларни турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги эътироф этилди.
Фарҳод ПРИМОВ,
ИИВ Академияси криминология кафедраси бошлиғи