Ўзбекистон ҳақиқий маънода ёшлар мамлакати. Бу юртда улғаяётган йигит-қизларнинг орзулари ва ўз олдига қўйган мақсадлари бисёр. Бу орзу ва мақсадларни амалга оширишда давлат раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши уларга кўмак беради. Президентимизнинг: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, деган сўзлари ёшлар учун катта марралар сари йўл очди.
Бу гаплардан халқимиз ҳаётида ёшларнинг ўрни ниҳоятда муҳим эканлигини англаш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли китобни ўқир эканман, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг дунёга ҳар тарафлама очилаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган қатор ташаббуслар, хусусан маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган эзгу ишларда аввало ёшлар манфаати биринчи ўринга қўйиляпти.
Ўтган йили юртимиз бўйлаб ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остидаги маънавий-марифий тадбирларда ҳам асосий эътибор ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилди. Бу борада 14 та ҳудудий тарғибот гуруҳи ўз фаолиятини бошладики, улар зиммасига “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тушунчасининг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига вазифаси юкланди. Бунда ҳар бир туман, шаҳарнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ўша ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли кенг қатламига етказилиши таъминланди.
Ёшлар сиёсати бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил эта туриб давлат ва ёшларнинг бир-бирига узвий боғлиқлигини кўришимиз мумкин. Зеро, ҳар бир соҳага ҳар томонлама етук, жамиятни тараққий топтиришга ҳисса қўша оладиган ёшлар керак. Шу маънода бугун ҳар бир йўналишда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бу борада уларнинг замонавий, пухта билим олишлари учун зарур шароитлар яратилмоқда. Зеро, қайси соҳа эътиборга муҳтожлигини илғаб, чуқур ва ҳар томонлама ўйланиб амалга оширилган ислоҳотларгина халқнинг мушкулини осон, оғирини енгил, турмушини фаровон қилади, муаммоларига ечим топиб беради. Бажарилаётган ишлар замирида бугунги муаммоларни ечиш билан бирга узоқ келажак ҳам кўзланган бўлиши лозим. Aччиқ бўлса ҳам тан олиш керак, узоқ йиллар мамлакатимизда жамиятнинг ривожланиш тенденциялари, аҳолининг демографик ўсиши, салмоқли қатлам бўлган ёшларнинг интилиши, глобал технологик жараёнларни ҳисобга олмаган ҳолда таълим тизимида ўтказилган ислоҳотлар кутилган самарани бермади.
Ҳозирги кунда эса, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали кўплаб тенгдошларимиз таълимни чет элда олишмоқда. Улар ўқишни тамомлагач, юртимизга келиб, ватанимиз равнақига ҳисса қўшишни ўз олдиларига мақсад қилиб олишган. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ҳам мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишда ҳам асосий мақсад ёшлар манфаати уларнинг бандлигига қаратилган. Шу ўринда Президентимизнинг ёшларга қарата айтган қуйидаги сўзларини таъкидлашни ўринли деб топдик: “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”.
Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига берган жавобида таъкидлаганидек, “Мустақил тараққиёт борасида эришган улкан ютуқлар билан бирга, йўлимиз айрим хато ва камчиликлардан ҳам холи бўлмаганини очиқ айтиш лозим. Мустабид тузумдан воз кечиб, демократик жамият барпо этишга қаратилган жараёнлар, мураккаб ва таҳликали даврнинг ўзи турли муаммо ва вазифаларни олдимизга кўндаланг қўйди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун билим ва тажрибамиз, ирода ва қатъиятимиз баъзан етса, баъзида етмаган ҳолатлар ҳам бўлди”. Давлат раҳбари таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамасдан ҳали ҳал қилишимиз лозим бўлган муаммоларимиз етарлича. Ўзим ҳам оддий бир талаба сифатида ҳақиқатдан ҳал қилиниши лозим бўлган бир қанча муаммоларни айтиб ўтишни жоиз топдим. Хусусан, мамлакатимизнинг аксар олий таълим муассаларида таълим сифатининг пастлиги, талаба ёшларни бир жойда бирлаштира оладиган ёшлар етакчиларининг етишмаслиги, таълим жараёнига малакали ўқитувчи-профессорларнинг кенг жалб қилинмаганлиги, аксарият олий таълим муассаларида талабаларда ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги, талаба ёшларнинг ўқув дастурларида соҳа мутахассислигига оид дарс соатларининг камлиги ва каби яна бир қанча масалалар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўз ечимини кутмоқда. Аммо шуни таъкидлаш керакки, бу муаммоларнинг асоси хоҳлаймизми, йўқми мамлакатнинг таълим тизимига ва унда амалга оширилаётган ислоҳотларга бевосита боғлиқ, чунки деярли барча касбдаги мутахассисларимиз асосан мамлакатимиз олий таълим тизимининг мевасидир. Мен шунга ишонаманки, давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда ташқи ва ички сиёсатда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бу муаммолар албатта ечимини топади ва ушбу муаммоларни ҳал қилишда билимли, интилувчан, фаол, иқтидорли, чет эл таълимини олган ёшларимиз асосий ўринни эгаллайди.
Фахриддин ИСМОИЛОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик
факультети талабаси