Кўпкарида чавандоз ҳориган отни қўйиб ундан-да яхшироқ отни майдонга солади. Ҳар ҳолда мантиқан шундай.
Билишим бўйича юртимизда ўтган асрда матбуотга қизиқиш катта бўлган, кузатилган. Энг яхши улоқчи от томошабинларнинг эътибор ва эътирофига сазовор бўлганидек, матбуот ҳам катта мавқега эга бўлган. Бугун эса, назаримда, майдонда ўзгариш бўлганга ўхшаяпти. Бу ўринда баъзи мулоҳазаларни келтириб ўтиш ўринли, деб ўйлайман.
Ҳозир тараққиёт асрида яшаяпмиз. Ҳар бир соҳада катта ўзгаришлар кузатиляпти. Кимдир айтган эди, технологияларнинг ривожланишида дангасаларнинг ўрни катта, деб. Эмишки, улар бирор ишнинг осонроқ йўлини излаб топар ва бу орқали тараққиётга восита бўлар экан. Бўлса бордир!
Матбуот гуллаб-яшнаган даврларда унинг асосий вазифаси кўпроқ янгиликни етказиш бўлган. Бугун бу вазифани ижтимоий тармоқлар бажармоқда. Бир суҳбатда танишларим газеталарни фақат хос кишиларгина ўқиётганини айтди. Бу рост бўлса, демак, матбуот анча янгиланишга муҳтож.
Иқтисодиётда талаб ва таклиф деган тушунчалар бор. Унга кўра, талабга қараб таклиф шаклланади. Бозор иқтисодиёти даври дея аталмиш айни пайтда бу тушунчаларни матбуот соҳасида ҳам қўлламоқ керакка ўхшайди. Изоҳли луғатимизда матбуотга “...босма асарлар: газета, журнал, китоб ва ш.к. мажмуи”, дея таъриф берилган. Биз эътибор қаратаётганимиз газета ва журналдир.
Мен янгилик ўқиш учун газета сотиб олган эмасман! Янгиликлардан хабардор бўлиш учун матбуот дўконига бориб газета харид қилгандан кўра мобиль қурилмамдан фойдаланишни афзал биламан.
Хўш, бу масалада нима қилиш керак?
Устозим айтган фикрларга баъзи мулоҳазаларимни қўшиб ёзадиган бўлсам, фкиримча газеталарда шарҳ, таҳлилий мақолалар чоп этиш керак. Масалан, бирор янги қонун чиқди ёки бирор воқеа содир бўлди. Бу — янгилик. Унинг одамларга, мавжуд тизимга, жамиятга қандай алоқаси борлиги ёки бўлиши мумкинлиги шарҳланса, таҳлилий мақола юзага келади. Янгилик технологиялар воситасида оммага тез етиб боради. Ўқувчилар уни газеталарда яна ўқишни истайди, деб ўйламайман. Аммо унга ёзилган изоҳ ёки шарҳ кўп нарсани ойдинлатиши мумкин. Янгиликни ҳар ким етказиши мумкин, шарҳни ҳар ким ҳам ёзолмайди. Бу масъулиятни ҳаммага ҳам юклаб бўлмайди. Ишончли манбалар бу усулни қўллаб, ўқувчилар эътиборини тортса, назаримда, уни мутолаа қилувчилар кўпаяди. Таҳлил, шарҳ, изоҳ — булар одамларни ўзига тортади. Соддалаштирилган нарсаларни хуш кўрувчилар кўп бўлса керак.
Кейинги масала — матбуот ва ўқувчи робитаси. Кўпчилик киоскка бориб газета харид қилишга эринса керак. Хўш, унда нима қилиш керак? Бу борада газетанинг электрон шакли қўл келади, деб ўйлайман.
Бир қизиқчи гуруҳнинг концертининг сўнгида буларнинг барчаси ҳазил экани айтилади. Шунга қиёсан айтиш мумкинки, юқорида ёзганларимиз ҳам шахсий мулоҳазалар...
Самариддин ЙЎЛДОШЕВ,
ЎзЖОКУ талабаси