Шу ўринда юртимизнинг тараққиёти кўп жиҳатдан ёшларнинг салоҳиятига, уларнинг билими, ақл-идроки, ижтимоий фаоллиги ва энг муҳими соғлом дунёқарашига боғлиқ. Ҳар қандай жамият янгиланиш жараёнида ёшларнинг кучига таянади. Шу жиҳатдан янгиланиб бораётган жамиятимиз ҳаётини ёшларнинг фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Қайд этиш зарурки, глобаллашув жараёни, ташқи мафкуравий таҳдидлар, интернет тизимидаги айрим ахборотлар ёшларнинг қарашларига салбий таъсир этмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ёшлар форуми доирасида сўзлаган нутқида, «Қанчалик қийин бўлмасин, биз ёшлар тарбияси бўйича ўзимизга хос ва таъсирчан, бугунги кунга ҳамоҳанг усулларни излаб топишимиз керак. Жонажон азиз фарзандларимизни бузғунчи ва зарарли ғоялар, жиноятчилик, гиёҳвандлик, лоқайдлик, маънавий қашшоқлик, истеъмолчилик кайфиятидан асрашимиз зарур», деб таъкидлаб ўтди.

Юқорида қайд этилган бугунги кун учун жуда долзарб бўлган вазифани амалга ошириш ҳамда янги жамият тамойилларини ривожлантириш мақсадида Тошкент кимё-технологиялар институтида ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш билан боғлиқ режадаги вазифалар қайта кўриб чиқилди.

Қайд этиш зарурки, ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантиришда таълим-тарбиянинг ўрни муҳимдир. Бугунги кунда таълим-тарбия соҳасидаги жараёндан кўзланган мақсад ёшларни баркамол, умумбашарий ва миллий руҳда тарбиялашнинг изчил тизимини яратишдан иборат этиб белгиланган.

Зеро, бугун институтимизда соғлом дунёқарашни шаклланишига хизмат қилувчи табақалаштирилган педагогик-психологик дастурларни яратиш, ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмаларга миллий ғояни сингдириш, маънавий таълим-тарбияни талаб даражасига кўтариш, педагог кадрлар билимларини чуқурлаштириб бориш, бу борадаги илмий тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва сифатини янада ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Институт истиқбол режаларида ёшлар тарбиясини ташкил этиш юзасидан билим олиш, ҳунар эгаллаш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, бунёдкорлик ишларига хайрихоҳлик каби фазилатларини таркиб топтириш жараёнида аввало, ёшларнинг ўз салоҳиятини юзага чиқаришига имконият яратиш, етакчи ёшларнинг кучи ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ватанпарварлик туйғусини ҳар бир ёшнинг онги ва қалбига сингдириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб олинди.

Албатта бу борадаги ишларни амалга оширишда ёшларнинг қизиқишлари, эҳтиёжлари, билим ва дунёқарашлари даражаси, шунингдек, ижтимоий фаолликларини инобатга олган ҳолда иш режалари ва дастурларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, уларнинг ҳаётийлиги ва амалий характерга эга эканини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, таъсирчан фаолият шакли, метод ҳамда илғор инновацион воситалардан фойдаланган ҳолда ёш раҳбарлар қатламини таркиб топтириш, бу борада ўзаро ҳамфикрлилик ва ҳамкорликка асосланган мулоқот асосида ижобий муҳитни яратиш, ёшларда мустақил ва эркин фикрлаш, баҳс-мунозара юритиш кўникмаларини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Энг таъсирча омил ёшларга ҳаётий мисоллар орқали бунёдкор ва бузғунчи ғоялар моҳиятини тушунтириш асосида уларда фидоийлик, ватанпарварлик хислатларини тарбиялашдир. Бу борада ёшларга мустақиллик энг улуғ неъмат эканлиги, уни асраб авайлаш зарурлиги ҳақидаги назарий билимларни бериш асосида уларнинг ижтимоий фаолликларини вужудга келтириш ва ривожлантириш маънавий тарбия соҳасидаги ишларнинг асосий пойдеворига айланди.

Президентнинг ёшларга оталарча мурожаатида қўйидаги фикрлар муҳим ўрин тутади. «Ўз тажрибамда келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония ҳам вақтингиз ҳам бекор ўтмасин. Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини унутманг». Мазкур ҳаққоний маслаҳатдан келиб чиққан ҳолда институтда ҳар бир талаба-ёшга билим ва илм олишга бўлган ўз фаолиятларини мазмунан таҳлил этиши, фаолиятига нисбатан танқидий ёндашувни қарор топтириши бўйича шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бу борада ҳар бир талаба-ёшнинг билим ва илм олишга бўлган иштиёқини шакллантириш, илмнинг туб моҳиятини англаш билан бирга онгли интизом, жамият талабларига аниқ ва тўғри жавоб бериш кўникмаларини шакллантириш институтдаги ҳар бир профессор-ўқитувчи ва мураббийнинг аниқ вазифаси сифатида белгиланди.

Зеро, бу жараёнда ўқитувчи ва мураббийларнинг ёшлар фаолиятини тўғри ташкил этиш, баҳолаш, йўл қўйилаётган камчиликларга барҳам бериш, унинг ижобий ва салбий қирраларини кўра олиш ва тўғри йўл кўрсатишга доир «Устоз ва шогирд» тизимини такомиллаштиришни тақозо этади. Маърузадаги фикрлардан келиб чиқиб, ҳар бир мураббий ўз қарамоғидаги шогирдига билим ва илм олишга бўлган эҳтиёжни вужудга келтириши лозим. Эҳтиёж ёш қалбнинг фаолиятида ўз инъикосини топиб, унинг ҳаётида муайян мазмун касб этади. Ўз ўрнида бу вояга етиб келаётган ёшнинг ҳаётий эҳтиёжига айланади. Қайд этиш зарурки, чуқур билим ва илм асосида ёшларда ватанпарварлик, фидоийлик, маданиятлилик, байналмилаллик ва инсонпарварлик, энг асосийси «оқ ва қора»ни фарқлаш каби фазилатлар шаклланади.

Талаба-ёшларни тарбиялашда нафақат тарбиявий жараён балки таълим жараёнига доир янги ўқитиш технологияларидан ҳам фойдаланиш зарур. Муаммоли маърузалар ўқиш асосида машғулотларни ташкил этишга катта эътибор қаратиш таълим жараёнида ёшларнинг билимга бўлган иштиёқларини ошириш, мустақил равишда қўйилган масалаларга ижодий ёндашиш, қийин масалалар ечимини мақсадга мувофиқ топиш, мантиқий фикрлашга ўргатиш соғлом дунёқарашини шакллантиришда энг муҳим омил ҳисобланади.

Ёшларнинг воқеа ва ҳодисаларга қизиқишларидан тортиб, гуруҳдаги фаолиятлари, ўқув ва жамоат ишларидаги иштироки, ҳаттоки талабалар турар жойидаги қоидаларга амал қилишларигача бўлган зарур ҳаётий вазифалар аниқ белгилаб олинди. Ёшлар учун таълим муассасаларида барча турдаги муносабат ва мулоқотларни шундай ташкил этилди-ки, улар ўқув муассасасини тамомлагач бу кўникма ва малакалардан барча соҳаларда фойдалана олсинлар. Бунинг учун ёшларнинг шахсий эътиқодлари, қараш ва идеалларини аниқ ғоявий йўналиш асосида шакллантириш зарур.

Инсонда соғлом дунёқарашни шаклланганлик даражаси унинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини белгилай олиши, яшаб турган жамият талабларига жавоб бера олиши билан белгиланади. Агар шахснинг эътиқоди, ғоялари ва қарашлари жамият талабига жавоб бермаса, бунда унинг тафаккурини илғор ғоялар билан бойитишга эҳтиёж туғилади. Маълумки, шахснинг атроф-муҳит, ҳаётий шарт-шароитлар билан ўзаро муносабати ва алоқаси инсон тафаккури шаклланишига таъсир этади.

Яна бир муҳим омил, ёшлар тарбиясининг энг муҳим меъёри уларни меҳнат қилиши ва касб-ҳунар сирларини эгаллашларида ўз ифодасини топади. Ҳар қандай фаолият шахснинг ақлий қобилиятини ўстиради. Ёшлар жамиятнинг турли жабҳаларида ўқиш, билим ва илм олиш, ишлаш, бунёдкорлик, клуб ва тўгаракларда қатнашадилар. Буларнинг барчаси ёшларга ўз меҳнатининг ижтимоий қимматини англаб етиш, ўзининг ва жамият манфаатлари учун қайғуриш, боқимандалик ва ишёқмаслик иллатларидан халос бўлиш, омилкорлик ва тадбиркорлик фазилатларининг шаклланиши, ижодий меҳнатга қизиқишларини рағбатлантиришга хизмат қилади. Муҳими, ёшлар ўзларида шаклланган дунёқарашни жамиятда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан боғлайди.

Мазкур жараёнда ёшларнинг ўзига хос характер, қобилият ва лаёқати каби шахсий хусусиятларидан келиб чиқиб, таълим-тарбиянинг мезонларини ташкил этувчи масъулият, эътиқод, иймон каби маънавий сифатларни мукаммал тизимда улар онги ва қалбида собит ўрин эгаллашига олиб келади. Бизга маълумки, инсоннинг дунёқарашини белгиловчи сифатлардан бири унинг онги ва қалбида соғлом ғояларнинг барқарор ўрин олганлигидадир. Қалб, онг ва ғоявий қараш узвийлиги асосида инсоннинг соғлом дунёқараши шаклланади ва унинг мустаҳкамлиги эътиқод ҳамда иймон билан белгиланади.

Айрим ёшлар ички дунёсида вужудга келадиган руҳий инқироз ва танглик, уларни ҳаётда учрайдиган муаммоларга, воқеа ва ҳодисаларга жиддий, объектив муносабатда бўлишларини тақозо этади. Шундай бўлсада бу даврда ёшларда узоқни кўра олмаслик, эҳтиётсиз хатти-ҳаракатларига мойиллик, далилларга таяниб эмас балки эмоционал ҳиссиётларга берилиб иш кўриш каби ҳолатларнинг келиб чиқиши кузатилади. Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, дилга яқин сўзлар орқали ёшларнинг ички дунёсига таъсир этиш мумкинлиги ҳамда уларнинг негатив ҳис-туйғуларга нисбатан иммунитети бирмунча беқарорлигини доимо назарда тутиш керак.

Дунё ва мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган воқеаларни таҳлил қилиш ва хулосалаш мобайнида аксарият ёшларимиз ўзлари учун мақбул бўлган реал ҳақиқатни фарқлай оладилар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, айрим ҳолларда улар руҳиятида маънавий тушкунлик ва парокандалик содир бўлсада, ёшлар фаолиятини тўғри йўналтириш, уларда ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилиш, текшириш ва баҳолаш, куч, ақл-заковат ва иродаларига қатъий ишонч туғдиради.

Хулоса тарзида таъкидлаш жоизки, ёшлик инсон ҳаётидаги энг ёрқин, жўшқин ва ғоят масъулиятли даври ҳисобланади. Ижтимоий ҳаётда бўлаётган барча воқеа ва ҳодисалар ёшларни шу жамиятнинг фуқароси эканлигини ҳис этишга ундайди. Шу тарзда уларда соғлом дунёқараш таркиб топади, ватанпарварлик, инсонпарварлик каби ҳис-туйғулар мустаҳкамланади, миллий ва умуминсоний ахлоқ меъёрларига мувофиқ хулқий малака ва одатлар шаклланади. Ёшларнинг барча интилишлари маълум мақсадларга қаратилган бўлади. Уларнинг аксарияти Ватан, халқ, жамият, инсониятга хизмат қилишни ҳаётининг мақсади деб билади.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технологиялари институти ректори