Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида сифатли таълимни амалга ошириш вазифаси қўйилган. Бу йўналишда мусиқа таълими ҳам муҳим ўрин тутади.
Аслида дунё сўз туфайли яралган бўлса, инсон жисмига жон мусиқа орқали кирган, деган нақл бор. Мусиқа инсонни эзгуликлар оламига етакловчи маънавий восита ҳисобланади ва шунинг учун ҳам ёшлар тарбиясида ўзига хос аҳамият касб этади. Гўзал оҳанглар инсон руҳий оламига бевосита таъсир кўрсатиб, маънавий эҳтиёжларини қондиради, ҳис-туйғуларини бойитади.
Дунё мамлакатлари таълим тизимида мусиқа, хонандалик ва рақс санъати уйғун ўқитилади. Ўзбекистонда бугунги кунга қадар мактабгача ва умумий ўрта таълим мактабларида асосий эътибор муайян мусиқий асарни тинглаш ёки ижро этиш ва болаларбоп қўшиқларни куйлашга қаратиб келинган. Энди янгиланиб бораётган мусиқа таълимида мусиқа, хонандалик ва рақс асарлари бўйича назарий билим бериш, уларнинг ижросини ўргатиш ҳамда шу йўналишлар бўйича иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш асосий вазифалардан бўлиши керак.
Ушбу санъат ўқувчиларнинг ёши, жисмоний ва эстетик имкониятларига мос асарларни ўрганиш, уларнинг ижрочилигини ўзлаштириш ҳамда иқтидорли ўқувчиларни аниқлаб, тарбиялашга асосланади.
Бунинг учун мактабгача таълимдан умумий ўрта таълимнинг якунига қадар ўқувчиларнинг юқорида таъкидланган хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда асарлар ўрганилиши ва уларнинг ижрочилиги ўзлаштирилиши тақозо этилади.
Хонандалик санъати мактабгача ва умумий ўрта таълим тизимида ўқитилиши кутилган самарани бермоқда.
Болаларнинг ёш хусусиятларига мос равишда уларнинг анъанавий, мақом ва эстрада хонандалиги асослари билан таништирилиши педагогик жиҳатдан муҳим ҳисобланади.
Хонандаликнинг бу уч йўналиши ўзига хос хусусиятларга эга. Шу сабабли улар бўйича танланадиган ашула ва қўшиқлар синфлар кесимида мураккаблашиб бориши мақсадга мувофиқдир.
Рақс санъати ўқувчилар учун нафақат маънавий тарбия омили, балки уларнинг жисмоний ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки рақс ўқувчиларнинг жисмоний аъзолари ривожлантиради, ёшига мос равишда куч-қувватга тўлишига хизмат қилади. Рақс шу жиҳатдан маънавий ва жисмоний ривожланишнинг муҳим омилидир.
Мусиқа таълимининг бундай уч йўналишда йўлга қўйилиши бугунги жараённинг янгиликларидан. Бизнингча, мактабгача ва умумий ўрта таълим мактаблари учун ягона “Мусиқа маданияти” янги ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай дастур болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқув дастурлари билан уйғунлаштирилиши муҳим.
Болалар мусиқа ва санъат мактаблари педагогларининг умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари билан амалий ҳамкорлигини ташкил этиш ҳам ҳозирги кунда долзарб бўлиб турибди. Бунда ушбу мактабларнинг педагоглари назарий ва амалий маслаҳатчи вазифасини бажариши кутилган самарани беради. Айни пайтда мактабгача ва умумий ўрта таълим мактаблари мусиқа ўқитувчилари “Мусиқа маданияти”ни ўқитишнинг методик жиҳатларини мустақил ҳал этадилар.
Кузатишлар кўрсатадики, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитилаётган ҳамда ўргатилаётган асарларнинг мазмуни бўйича билим бериш жараёни талаб даражасида эмас. Мисол учун, умумий ўрта таълим мактаблари “Мусиқа маданияти” дарсликларига халқимизнинг машҳур асари “Тановар”ни киритилган. Бироқ у тўғрисида назарий билим беришга эътибор қаратилмаган. Ваҳоланки, ўқувчи бу асарнинг мазмунидан хабардор бўлса, уни ўзлаштириш ва ижро этишда қийналмайди. Аслида асар номи доира усули бўлган “тан-тан” (бум-бак) садосидан олинган.
Шу жиҳатдан “Тановар” шўх доира усулларига асосланган асар демакдир. Унинг муаллифлари Уста Олим Комилов ва Мукаррама Турғунбоева айнан доира чолғуси усулларидан келиб чиқиб, унга ном берган.
Шу боис, “Тановар” атамаси тантанавор тарзда талқин қилинмаслиги керак. Ана шундай маълумотларни бериш ўқувчиларнинг мусиқа санъати бўйича билим ва кўникмаларини кутилган даражада ривожлантиради.
Президентимиз ҳар бир ўқувчи бирор чолғу ижрочилигини ўрганиши ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббус замирида мусиқа таълимини янгича асосларда ривожлантириш ғояси мавжуд. Зеро, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини бирор халқ чолғу ижрочилигига ўргатиш янгиланаётган мусиқа таълимининг негизларидан бири ҳисобланади.
Мазкур масалада болалар мусиқа ва санъат мактаблари мутахассисларининг умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бунда умумтаълим мактаблари ўқувчиларини чолғуларнинг хусусиятлари, тузилиши, садоланиш имкониятлари ва ижрочилик услублари билан тўлиқ таништириш самаралидир.
Бизнингча, олий педагогик таълим жараёни якунида мусиқа ўқитувчиларига аниқ бирор чолғу методисти номли қўшимча квалификация беришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Бугунги кунда янги Ўзбекистонда янги мусиқа таълимига эҳтиёж мавжуд. Ушбу жараёнда мавжуд мусиқий — педагогик тажрибаларга таянган ҳолда, мусиқа таълимини янгилаш йўлидан бориш муҳим вазифалардандир.
Анвар ЛУТФУЛЛАЕВ,
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети
мусиқа маданияти факультети декани, профессор