Шу маънода ёшлар тарбияси нафақат миллий сиёсатнинг, балки бутун инсоният келажагининг муҳим пойдеворидир.

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган ғоялар бу йўналишдаги сиёсатнинг изчил ва чуқур мазмун касб этганини яққол намоён этди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимиз қалби ва онгига тинчлик, инсонпарварлик ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир”.

“Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ташаббуси ҳам айнан шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади. Бу ғоя, аввало, ёшларнинг глобал ҳамжиҳатлик ва тинчлик ғояси атрофида бирлашишига замин яратади.

Бу ташаббус мантиқий илдизларига эга. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ҳам ёшлар ҳақида сўз юритиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим ва маърифат орқали радикал ғоялар таъсиридан асраш муҳимлигини таъкидлаган эди. Ўтган вақт ичида бу ғоялар амалиётда изчил давомини топиб, ёшлар сиёсатида янги босқични бошлаб берди.

Демак, ёшлар масаласи мамлакатимиздаги ислоҳотлар марказида турибди ва бу ғоянинг халқаро даражада илгари сурилиши Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиёсатини янги босқичга кўтаради. Президентимиз ёшлар тарбиясига катта аҳамият қаратиб, уларнинг келажаги юрт ривожи учун асос эканини ҳар гал таъкидлайди. Барча масъулларни ёшлар билан боғлиқ ишларга ҳисса қўшишга чақиради.

Ҳозир жамиятимизнинг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Шу боис, келажагимиз, аввало, уларнинг тарбиясига боғлиқ. Яъни ёшлар тарбияси жамият ривожини белгилаб берувчи мустаҳкам замин. Уни мустаҳкамлашда таълим муассасалари, оила ва жамиятнинг ўрни катта.

Замонавий даврда ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсир кўрсатишда  янгича ёндашувлар талаб этилади.

Тарбия жамиятда инсоннинг шахс сифатида шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу орқали ёш авлод маънавий-ахлоқий ва маданий қадриятларни ўзлаштириб, уларни кундалик ҳаётда қўллай олса, ижтимоий адолат, тинчлик ва тотувликни таъминлаш имкони ошади.

Бугунги глобаллашув даврида интернет ва ижтимоий тармоқлар ёшларнинг кундалик ҳаётига чуқур кириб келди. Баъзи ёшлар интернетдаги манбалардан ўзларига зарарли, жамиятга ёт ғояларни ўрганмоқда. Бу, ўз навбатида, бошқа маданиятларнинг миллий қадриятларга зарар келтириши, ёшларда ўз қадриятларига бефарқлик туйғусини пайдо қилиши мумкин. Буни ёшлар шахсий эркинлик деб тушунар, лекин баъзи ҳолларда эркинлик тушунчаси тўғри талқин қилинмай, ёмон одат ва ёт ғояларга мойилликка олиб келмоқда.

Ёшлар келажак бунёдкорлари, ҳар бир жамиятнинг ифтихори ва суянчиғидир. Уларга тўғри тарбия бериш, маънавий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан баркамол этиб етиштириш жамият тараққиётининг мустаҳкам асосидир. Бу йўлда оила, мактаб ва олий таълим каби бўғинлар муҳим аҳамият касб этади.

Оила — ҳар бир инсон ҳаётидаги биринчи тарбия масканидир. Ота-она фарзандлари учун ибрат бўлиши ва тўғри йўлга бошлаши керак. Ота-боболаримиз айтганидек, “Ота-она фарзандга тарбия беради, фарзанд ота-онага шукроналик беради”. Болаликданоқ оиладаги муҳит ёшларда меҳр-мурувват, одоб-ахлоқ ва масъулият ҳиссини шакллантиради. Оиладаги яхши муносабат ва ўзаро ҳурмат болаларнинг жамиятдаги муносабатларини белгилайди. Шу боис, “Оиланинг юзи – фарзанднинг юзи”, деб айтилган.

Оилада фарзандларга миллий қадриятлар, анъаналар, меҳнатсеварлик ва самимиятни сингдириш керак. Фарзандлар ота-она меҳнатини қадрлашни, одамлар билан муносабатларни мустаҳкам қилишни, уларга ёрдам беришни ўрганадилар. Бу эса уларнинг келажакда жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам беради. “Фарзандга берилган энг яхши мерос тарбиядир”.

Мактаб — ёш авлодга билим бериш билан бирга, тарбиясига ҳам катта таъсир ўтказадиган маскан. “Ёшликда ўрганган билим – тошга ўйилган нақшдир”, деган гап бежиз айтилмаган. Болалар мактабда нафақат билим олади, балки жамоада яшаш ва ишлаш, масъулиятли бўлиш ва одоб-ахлоқ қоидаларини тушунишни ўрганади. Ўқитувчилар улар учун ибрат, устозлардан олинган насиҳатлар ва тажрибалар уларнинг ҳаётига йўл-йўриқ беради.

Мактаб ёшларда янги билимлардан бохабар бўлиш, янги соҳаларга қизиқиш уйғотиш ва ижодий қобилиятларни ривожлантириш имконини яратади. Шу билан бирга, ёшлар мактабда кўплаб дўстлар топиб, инсонларга ишонч ва ёрдам бериш хусусиятларини шакллантиради. Шунинг учун мактаб тарбиясини оила тарбиясидан кейинги муҳим бўғин сифатида қараш мумкин.

Олий таълим — ёшларнинг баркамол шахс бўлиб етишишига хизмат қиладиган муҳим маскан. Бу ерда ёшлар нафақат аниқ бир йўналиш бўйича билимини чуқурлаштиради, балки мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш, жамоада ишлаш, масъулиятни ўз зиммасига олиш каби кўникмаларни ҳам ўзлаштиради. Олий таълим муассасаларида ёшлар учун фан тўгараклари, спорт клублари ва чет тилларни ўрганиш курслари каби турли имкониятлар яратилади, улар ўзини турли соҳаларда синаб кўриш имконига эга бўлади.

Олий таълимнинг яна бир аҳамиятли жиҳати талабаларга миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдиришидир. Бу масканда ёшларга ўз маданияти, тарихи, миллий мероси ҳақида таълим берилади. Устозлар билан учрашувлар, турли маънавий кечалар ва анжуманлар ёшларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини оширади.

“Тарбия биз учун ё ҳаёт— ё мамот, ё нажот— ё ҳалокат, ё саодат—ё фалокат масаласидир”. Буюк маърифатпарвар ва таълим-тарбия фидойиси Абдулла Авлонийнинг бу сўзлари ўз вақтида нақадар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозир ҳам шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Бинобарин, ватанимиз равнақи йўлида муносиб билим ва тарбияга эга, меҳнатсевар, ўз ишини мустақил бажара оладиган одобли ёшларни тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир.

Аҳмед РЕЙМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, академик