Унга кўра, рўйхатдаги ёшларнинг тадбиркорликка ўқитиш харажатлари базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан ортиқ бўлмаган қисми, касб-ҳунарга ва ҳайдовчилик курсларида ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг бир ойдан икки ойгача, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун тегишли миқдори қоплаб берилади.

Амударё туманида мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ўқув курсларига жалб этилиб, турли касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилмоқда.

Тумандаги Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ташкил этилган ўқув курсларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётган 50 нафар ёшлар учун тўлов маблағининг 75 фоизи, яъни 78 миллион 750 минг сўм маблағ “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан қоплаб берилди. 

Ўқув-спорт техника клубида “В” ва “ВС” тоифали ҳайдовчилар тайёрлаш, 30 соатлик қайта тайёрлаш бўйича фаолият ташкил этилган. Клуб ўқув хоналари замонавий ўқитиш воситалари, компьютерлар, интерактив доскалар билан жиҳозланган. Машғулотлар 4 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири