Шу билан бир қаторда, талабаларнинг маънавий-ахлоқий камолоти ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ёшларимизнинг тарих сабоқларидан, даврнинг ижтимоий-сиёсий ҳодисаларидан, мамлакатнинг молиявий-иқтисодий имкониятларидан воқифлиги, турли туман таъсир ва таҳдидлардан огоҳлиги улардаги ахборот маданиятининг мустаҳкамлик сари шаклланаётганидан далолатдир.

Шунга қарамай, ёшларимизда ахборот хавфсизлигининг мустаҳкам маданиятини, хусусан, ахборот хавфсизлиги иммунитети ва медиаиммунитетни шакллантириш масалалари бугунги рақамли трансформациялар ҳамда қарама-қаршиликлар, турли хил қарашларнинг юз минглаб платформалари ва миллионлаб манбалари орқали таъсир доираси шиддат билан кенгайиб бораётган медамуҳит шароитида янада долзарблик касб этмоқда.

Ижтимоий медиамуҳитда мазкур масалаларга йўналтирилган манбалар талайгина ва бу бежизга эмас. Чунки, шахс камолоти ҳар қандай даврларда ҳам унинг хавфсизлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган.

Медиаиммунитет тушунчаси, бу шахснинг ахборотнинг турли ҳажмдаги массивлари орқали бевосита ва билвосита тақдим этилувчи номақбул контентни, яъни, негатив таъсирларни, таҳдидларни англай ва аниқлай олиш ҳамда уларга берилмаслик ва уларнинг потенциал мавжуд бўлишини билган ҳолда уларни қабул қилмаслик қабилиятидир. Шахс медиаиммунитети унинг томонидан медиамуҳит маҳсулотларини истифода этиши давомида шаклланади ва ривожланади. Медиаиммунитет медиатаҳдидлар ва негатив медиатаъсирлардан шахсий ҳимояланишнинг энг асосий зарурий шарти ҳисобланади.

Бизнинг рақамли асримизда серқирра ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган трендлари ёшларга мулоқот қилиш, ўрганиш ва ўзини ифода этиш учун янги уфқларни очмоқда. Бироқ, технологиялар ва интернетнинг ривожланиши ҳамда уларнинг таъсири сарҳадларининг тобора кенгайиб бориши баробарида ёшларнинг руҳий-эмоционал борлиғига, когнитив саломатлиги ва ижтимоий мослашувига янги таҳдидлар ҳам пайдо бўлмоқда. Замонавий ёшлар олдида турган энг долзарб муаммолардан бири, бу – рақамли муҳитда ахборотни танқидий идрок этиш, онгли равишда истеъмол қилиш ва яратиш қобилияти бўлган медиаиммунитетнинг етарли даражада шаклланмаганлиги муаммоси ҳисобланади. Рақамли трансформациялар шароитида ушбу муаммо янги шаклларга эга бўлиб, уни ҳал қилиш кўплаб омилларни ҳисобга олган ҳолда эътиборлилик ва эҳтиёткорлик билан ёндашишни талаб қилади. Мамлакатимиз ёшларининг медиаиммунитетини шакллантириш вазифаси ахборотлар хилма-хиллиги ва мўл-кўллиги даврида, айниқса, дезинформация, манипуляция ва ижтимоий медианинг бошқа номақбул таъсирлари кўринишидаги рақамли таҳдидларнинг кучайиши даврида миллий миқёсдаги долзарбликка эга бўлиб, мазкур муаммони ҳал қилиш таълимга оид ва технологик тадбирларни ўз ичига олган тизимли-комплекс ёндашувни талаб этади.

Демак, рақамли трансформациялар шароитида ёшларда ахборот хавфсизлиги маданияти ва медиаиммунитетни шакллантиришнинг долзарб масалалари тизимли муаммоларни қамраб олган бўлиб, бу муаммолар, фикримизча, қуйидагилардан иборат.

Ахборот юкламасининг ҳаддан зиёдлиги муаммоси. Бу ахборотни қайта ишлашдаги қийинчиликларда ҳамда ахборот истеъмолининг қай тарзда эканлигида намоён бўлади. Ёшлар ҳар доим ҳам катта ҳажмдаги маълумотларни лозим даражада фильтрлашга тайёр эмас.

Нотўғри, ёлғон, сохта, салбий “ниқобли” маълумотларнинг тарқалиши. Деструктив, ёвув ниятли каолициялар, гуруҳлар, шахслар томонидан ижтимоий тармоқлар ва интернетнинг бошқа платформалари орқали сохта ва бузғунчи материалларнинг тарқатилиши сезгир гуруҳлар тоифасидаги ўспирин ва ёшлар учун ўта хавфлидир. Ёшларга, айниқса, ўспиринларга ахборотларни ва манбаларни оқилона текширишни, уларни синчковлик билан таҳлил қилишни ўргатиш ва уқтириб бориш лозим.

Ижтимоий тармоқларнинг контентни, ахборот массивларини фойдаланувчи қизиқишларига йўналтирувчи алгоритмлари. Улардан эзгу мақсадда ҳам, қолаверса, билмаслик ва англамаслик туфайли салбий оқибатга олиб келувчи тарзда ҳам фойдаланишади.

Ёшлар руҳий-эмоционал ҳолатининг атроф муҳит таъсирларига ўзгарувчанлигидан фойдаланган ҳолда атайин салбий таъсир кўрсатишлар. Ёшлар, бу таъсирларга энг мойил бўлган гуруҳ сифатида, маълум мафкураларни ёки сиёсий позицияларни медиада ва/ёки жамиятда илгари суришлари учун манипуляцияга дучор бўлиши мумкин. Шунингдек, ўспирин ва ёшларимиз уларнинг соғлигига руҳий-ҳиссий ва физиологик жиҳатдан қўпол азият келтирувчи кибербуллинг ва фирибгарлик каби жирканч иллатлар таъсирига тушиб қолишлари мумкин.

Ахлоққа зид, номақбул таркибга эга контентларнинг мавжудлиги, тармоқларда ахлоқ қоидаларига риоя этилишнинг номукаммаллиги, тартибга солинмаганлиги ва кўплаб омиллар қуршовида бунинг имкони йўқлиги. Интернетда ахлоқий жиҳатдан қабул қилиниши мумкин бўлмаган қарашлар, эътиқодлар ва ғояларни ўз ичига олган улкан миқдордаги контент мавжуд. Ёшлар тасодифан бундай таркибга дуч келиб, уларга боғланиб қолишлари мумкин, вақтида бартараф этилмаган тақдирда бунинг тузатиш мушкул бўлган оқибатлари юзага келади.

Ўспирин ва ёшларнинг ўз қадр-қимматини, ўз-ўзини аниқлаш билан боғлиқ муаммолар. Интернет хаёлий тасвирлар ва стандартларни яратади, бу эса кўпинча виртуал маконда идеалларни ва йўл-йўриқларни излайдиган ёшларда соғлом фикр билан ўзини ўзи қадрлаш ва ўзига хосликни шакллантириш жараёнини мураккаблаштиради.

Ўспирин ва ёшларда ноаниқлик ва танқидий рефлекция муаммоси. Маълумки, рақамли трансформациялар шароитида технологиялар, медиамуҳит ва ижтимоий ҳаётда жадал ўзгаришлар содир бўлади, ёшларда ўзлари учун қандай тарзда барқарор қадриятлар тизимини шакллантириш ва истеъмол қилинадиган маълумотларга танқидий муносабатда бўлиш каби масалаларда кўплаб ноаниқликлар ҳам юзага келиши мумкин. Улар енгил фикрлаш домига тушиб қолишлари мумкин, уларда ахборот гигиенаси билан боғлиқ қийинчиликлар турғун ҳолатга келиб қолиши мумкин.

Вақтдан фойдаланиш ва диққатни жамлашдаги муаммолар. Технологик қарамлик. Таълим олиш ва меҳнат фаолиятида унумдорликнинг йўқолиши. Смартфонлар, ижтимоий тармоқлар ва онлайн ўйинлардан ортиқча фойдаланиш таълим ва ишдаги унумдорликнинг йўқолишига, уларга боғланиб қолишга ва хатто гиёҳвандликка олиб келиши мумкин.

Ўспирин ва ёшларни ахборотни танқидий идрок этишга ўргатиш масаласига лозим даражада эътиборнинг йўқлиги. Кўплаб меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида, оилаларда танқидий фикрлаш ва медиасаводхонликка хатто зарурий даражада эътибор берилмайди. Бинобарин, аксарият ёшларимиз маълумотларни самарали фильтрлашни, уларнинг ишончлилигини баҳолашни билмайдилар. Қолаверса, кўплаб ёшларимиз ҳар доим ҳам ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида тақдим этилган вазият ёки ҳодисанинг контекстини тушунмайдилар ва кўпинча маълумотни қандай кўринса шундайлигича, яъни, матнда бошқача ёки яширин моҳият мавжуд бўлиши мумкинлигини ёки маълумот эгаларининг манипулятив мақсадлари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олмаган ҳолда қабул қилишади. Оқибатда, бундай ёшларимиз оқилона қарорлар қабул қилиш уқувига эга бўлмай қоладилар.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун ёшларда рақамли саводхонликни шакллантириш ва танқидий фикрлашни ривожлантириш, замонавий рақамли платформаларда соғлом фикр билан фаол мулоқот олиб бориш қобилиятини тарбиялаш, ахборотни тўғри танлаш ва онгли равишда истеъмол қилишни ўргатишга қаратилган таълим дастурларини жорий этиш, шунингдек, дезинформация, манипуляция ва психологик таъсирлардан ҳимоя қилишнинг ижтимоий ва технологик механизмларини яратиш лозим.

Нафақат ёшлар орасида, балки, бутун жамият аъзоларида ахборот хавфсизлиги маданияти ва медиаиммунитетни ривожлантириш ва барқарорлаштиришнинг муҳим омилларидан бири, бу – оилалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасалари ва жамият аъзолари билан мазкур йўналишда режали ва тизимли тарзда чора-тадбирларни амалга оширишдир. Ўрганилаётган масалаларнинг муҳим таркибий ечимларидан бири, бу – ота-оналарни болаларининг ахборотни танқидий идрок этишга ва медиамуҳитдан хавфсиз тарзда фойдаланишга ўргатишдек муҳим вазифаларга чорлаш ва бу жараёнлардаги иштирокларини ҳуқуқий асослар ва жамоат назорати билан таъминлашдир.

Рақамли трансформациялар шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва қонунчилик ташаббуси ваколатига эга идоралар ҳамда мутасаддилар медиамуҳитдаги дезинформация ва манипуляцияларга қарши курашишга қаратилган онлайн фаолиятни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишлари муҳим. Шунингдек, ёшларни замонавий рақамли-коммуникация технологиялари ва платформаларининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш ҳам бугунги кунда давлат ва жамият барқарорлигини таъминлашнинг зарурий ҳуқуқий чораларидан бири сифатида қабул қилиниши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, хулоса қиламизки, рақамли трансформациялар шароитида ёшларда ахборот хавфсизлиги маданияти ва медиаиммунитетни шакллантириш ва ривожлантириш масалалари кўп қиррали бўлиб, уларнинг ечимларини топиш ва амалга ошириш тизимли-комплекс ёндашувни талаб қилади. Мазкур масалаларни самарали ҳал этиш жараёнида, табиийки, жамият ва таълим, қонунчилик, маданият, маънавият ҳамда ахборот технологиялари соҳаларининг интеграцияси керак бўлади.

Ахборот хавфсизлиги маданияти ва медиаиммунитет инсоннинг алғов-далғовли рақамли дунёда ўзини ва қадрдонларини турли хавф, таҳдид ва қалтисликлардан асраш, ёмонни яхшидан ва яхшини ёмондан ажрата билиш, маълумотларни хавфсиз тақдим этиш, ишончли манбалардангина фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш баробарида унинг оила, жамоа, жамият ва ватан олдидаги ижтимоий масъулиятларни ҳамда табиий бурчни чуқур ҳис этиш қобилиятини ҳам мустаҳкамлайди.

Рақамли трансформациялар шароитида ёшларда ахборот хавфсизлиги маданияти ва медиаиммунитетни тўлақонли шакллантириш масаласи эса стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у нафақат миллий, балким, глобал миқёсда долзарбдир, шу сабабли, ҳар бир онгли шахс ва дунёнинг соғлом фикрли ҳамжамияти олдида турган муҳим вазифадир.

Акрамжон  Каримов,
Тошкент давлат юридик университети профессори в.б.