Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ёшлик киностудияси» ДУК томонидан суратга олинган, «Дебют-2020» ёшлар кино алманахидаги 18 та фильмлардан бири бўлган «Чана» қисқа метражли фильми Буюк Британиянинг Бунтингфорд шаҳрида ўтказилган «Бунтингфорд қисқа метражли фильмлар фестивали»да ҳамда Россиянинг Ярославл шаҳрида бўлиб ўтган «Свет миру» халқаро ёшлар кинофестивалида махсус дипломлар билан мукофотланди.

Фильм режиссёри Суҳроб Қодиров ёш киноижодкорларга берилаётган имкониятларга тўхталар экан, фильм муваффақияти ҳақида ҳам гапириб берди:

– Бундан бир неча йиллар олдин ёш киноижодкорларнинг халқаро кинофестивалларда иштирок этиши имконсиздек туюларди. Бугун эса нафақат иштирок этиш, балки халқаро киномайдонларда ёш режиссёр сифатида ўз сўзимизни айта олиш ҳамда ғолибликларни қўлга киритиш имконига эгамиз. Бунда аввало, устозлар ҳамда Ўзбекистон Кинематография агентлигининг ҳиссаси катта. Улар яратиб берган ижодий муҳит ва моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашлар натижасида биз ўз ижодий қобилиятимизни кўрсата оляпмиз.

«Чана» фильмини иккита халқаро фестивалда махсус мукофот билан тақдирлангани шахсан ўзим ва ижодий жамоани қувонтирди. Энг қувонарлиси, ёшларга катта имкониятлар берилмоқда. Агентлик сўнгги йилларда ёш ижодкорларга катта эътибор бериб, «Дебют» кинофестивалини ўтказиб келмоқда. Жараёнда жуда кўп янги истеъдодли ёшлар кашф қилинди. Ўйлайманки, уларнинг барчаси нуфузли халқаро кино мукофотларни қўлга киритишга лойиқ.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати