Шу кунларда Нукус ва Бўзатов қайта яшаргандек тасаввур уйғотади кишида. Баҳор нафаси, ҳар ёнда ёшлик нуқси уриб турибди. Бу манзара кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар, ёшлар сиёсатининг қорақалпоқ заминидаги шукуҳи ўлароқ, дилларга ажиб тароват улашади.

10 май. Соат миллари 19.00 ни кўрсатади. Нукус амфитеатри саҳни байрамона безатилган. Сахий қуёш бутун мамлакатдан келган минглаб йигит-қизларни олқишлаб, уларнинг юз-кўзида, қалбида балққан юртга, одамларга меҳр тафтини ўзиники қилиб олмоқчидек заррин нурларини сочади.

Бу ерда “Республика ёшлар овози” фестивали мамлакат босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

2020 йил 2 октябрь қорақалпоғистонлик ёшлар хотирасида алоҳида эсда қоларли сана ўлароқ тарихга муҳрланган. Шу куни Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида бу кўҳна заминда “Республика ёшлар овози” фестивалини ўтказиш ташаббусини билдирган эди.

Бу йил фестивалнинг бош тадбирлари Нукус шаҳрида қўр олди.

Икки йилдирки, мазкур фестиваль чин маънода мамлакатимизда истеъдодли ёшларни кашф этишга хизмат қилмоқда.

— Ўтган йили мазкур танловда мамлакат бўйлаб 10 минг йигит-қиз иштирок этган бўлса, жорий йилда 238 мингдан зиёд ёшни қамраб олди. Фестивалнинг беш босқичдан иборат саралаш тадбирлари маҳалла, туман (шаҳар) ва вилоят миқёсида ўтказилди. Янги овозларни кашф этишга хизмат қиладиган танловда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада йўналишида ўз маҳоратини намойиш этди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Беш ташаббус лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Индира Холдорова. — Танловнинг тўрт босқичи муваффақиятли якунланди. Ҳар бир иштирокчининг чиқиши тўлиқ тасвирга олингани танловнинг шаффоф ўтишига асос бўлди.

Шу тариқа ҳудудий босқичдан муваффақиятли ўтган 152 йигит-қиз энди 10-15 май кунлари ғолиблик учун курашади.

— Ушбу фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини уйғотиш, иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиш, санъатга қизиқишни оширишдир, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Абатбай Данияров. — Шу мақсадда юртимизда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини бугун нафақат биз, балки чет элдаги дўстларимиз ҳам эътироф этмоқда. Олдимизда катта мақсадлар бор. Энг олий мақсадимиз — Учинчи Ренессансга йўл очиш. Бу борада бугунгидек фестиваллар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Боиси, ёшларни бирлаштиради, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилади, янги ғоялар туғилади. Ишонамизки, Қорақалпоғистонда ўтказилиши яхши анъанага айланаётган ёшлар фестивали ҳали кўплаб иқтидор эгаларини кашф этади.

Якуний босқичнинг ўзи икки — финал ва суперфинал босқичга бўлинади. Ҳар бир йўналиш ва ёш тоифасида энг юқори баллни қўлга киритган 3 иштирокчи суперфиналга йўл олади. Бу босқичда ҳакамлар уларга ижро учун қўшимча топшириқ беради.

— Танловнинг республика босқичида иштирок этаман, деб ўйламагандим. Энди ўзимга ишончим тобора ортиб бормоқда, — дейди Бухородан келган иштирокчи Жавоҳир Рўзимбоев. — Фестивалда ғолиб бўламанми, йўқми, билмайман, лекин бу тадбир ҳаётимга энг гўзал кунларни ҳадя этди ва онгу шууримда муҳрланиб қолди. Кўп дўстлар орттирдим. Биз, ёшларга шундай имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга, барча ташкилотчиларга чуқур миннатдорлик билдираман.

Фестивалда ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўрин эгаси 50 миллион, иккинчи ўрин эгаси 30 миллион, учинчи ўрин эгаси 20 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритади. Бундан ташқари, республика босқичи қатнашчиларининг барчаси 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланади.

Танловнинг якуний босқичи 15 май куни Бўзатов туманида бўлиб ўтади. Ғолиблар номи ҳам шу ерда эълон қилинади.

Дарҳақиқат, фестивалнинг аҳамиятли жиҳатлари кўп. Ҳудудларда ташкил этилган гала-концертларда ёшларнинг катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг имкониятлар яратди. Қисқа фурсат ичида танлов мадҳияси ҳам яратилиб, ёшлар орасида оммалашди.

Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистон замини ёш санъат ихлосмандларини бирлаштирадиган янги маданият ва санъат ўчоғига айланмоқда.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири