Москва соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ташкилотларини мувофиқлаштириш дирекциясининг директори, олий тоифали шифокор Aлексей Безимяний шу мавзуда сўз юритаркан: «Инсон кўп меҳнат қилганда интеллектуал салоҳияти ва жисмоний ҳолатини сақлаб қолади» деди.

Пенсиядан кейин ишлайдиган одамлар кўпроқ умр кўради, деган тушунча бор. Aммо иш хотиржамлик ва ақлий меҳнат билан боғлиқ бўлиши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, мунтазам тиббий кўрик, турли хил касалликларнинг дастлабки босқичлардаёқ олдини олиш ва хавф туғдирса, уни даволаш муҳимдир», — деди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, соғлиқ учун қайғуриш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди, аммо буни ҳозироқ бошлаш зарур. Инсон ўз организмининг ҳолатини доимий назорат қилмаса, касалликларга чалиниш хавфи шунчалик катта бўлади.

«Инсон ҳамма яхши ва ёмон нарсаларга жуда тез кўникади. Агар одамда ноқулайлик, чарчоқ, стресс пайдо бўлса ва у шу ҳолатда бир ой яшаса шунга кўникиб қолади ва кейинчалик бунга аҳамият бермай қўяди. Бу унинг ҳаёт сифатини бузади, ўз-ўзини танқид қилиш йўқолади, одам ўзи билан нимадир нотўғри эканлигини тушунишни тўхтатади», дея қўшимча қилди мутахассис.

Шифокорнинг аниқлик киритишича, одам «ёшни алдаши» мумкин, аммо сиз ўзингизни алдамаслигингиз керак. «Ўй-хаёлларимизда ёш бўлиб қолишни истаймиз, аммо ўзингизни қанча алдаманг — жуда қисқа вақт ичида кексайиб қолиш ҳеч гап эмас. Шундай экан, ёғли, углеводларга бой, тез тайёрланадиган зарарли овқатлардан тийилинг, тутун, стресслардан йироқ бўлинг.

Баъзида 27 ёшида одамлар ҳиссий ва жисмоний жиҳатдан чуқур қарияга айланади. Аксинча, йога билан шуғулланадиган, соғлом турмуш тарзига риоя этадиган, истироҳат боғларига боришни одат тусига киритган кексалар сони жуда кўп. Уларнинг ички туйғулари, ташқи қиёфаси ва кўзларидаги табассумни кўриб, 35-40 ёшдан ортиғини беролмайсиз», дея таъкидлади мутахассис.