Чет тилларини ўрганишни оммалаштиришга қаратилган ушбу лойиҳанинг янги мавсумида иштирокчиларга жаҳоннинг энг нуфузли университетлари - Гарвард, Оксфорд, Ел, Стандфорд ва бошқа шу каби олийгоҳларга кириш ҳамда 100 фоиз тўлиқ грант ютиш учун керакли маслаҳат, билим ҳамда кўникмаларни улашиш кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳада қатнашиш учун иштирокчилар икки босқичдан иборат онлайн саралаш жараёнидан сўнг, оромгоҳга танлаб олинди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, 5000 га яқин талабгорлардан аризалар келиб тушди ва уларнинг орасидан 200 нафар энг билимли ёшлар лойиҳанинг ушбу мавсумида иштирок этиш имкониятини қўлга киритишди.
Лойиҳанинг очилиш маросими ҳам юқори, позитив кайфиятда ташкил этилди. Унда лойиҳа раҳбари Сирожиддин Олимов сўзга чиқиб, ёшларга хорижий олийгоҳларга кириш бўйича Ўзбекистоннинг жаҳондаги рейтингини ошириш борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Шунингдек, пунктуал ишлаш, тайм-менежментига амал қилиш, масъулиятли бўлиш сингари шахсий қобилиятларни ривожлантириш борасидаги тажрибаларини ҳам бўлишди.
— Барчангизда катта кучга эга энергия бор. Уни тўғри йўлда аниқ мақсадлар учун сарфлаш лозим! Хабарингиз бор, ўзбекистонлик ёшлар орасида ривожланган мамлакатлардаги университетлар, хусусан, жаҳоннинг QS ва Times Higher Education (THE) каби рейтинглари бўйича кучли юзталикка кирувчи билим юртларига ҳужжат топшириш ва кириш ҳозирча оммалашмаган. Биргина Оксфорд университети мисолида, аксарият аҳолиси ёшлардан ташкил топган 36 миллионлик Ўзбекистондан бор-йўғи 5 нафар талаба Британиянинг мазкур университетида ўқийди. Бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз Бангладеш (52), Покистон (71), Руминия (132), Нигерия (102) ва Миср (26) каби мамлакатлардан ортда турибди. Лойиҳанинг мақсади эса ёшлар орасида шундай университетларга кириш мақсадини тарғиб қилиш орқали ривожланган мамлакатларга бориб, билим ва тажриба тўплаб келиш маданиятини оммалаштиришдан иборат. Ва ўйлайманки, кўзлаган мақсадимизга, албатта, эришамиз!, — деди Сирожиддин Олимов.
Оромгоҳнинг ёз фаслида уч мавсумини ташкил этиш режалаштирилган. Дастлабки икки мавсумдаги бир ҳафталик дастур давомида ёшларнинг чет эл нуфузли университетларининг бакалавриат босқичига, қолган бир мавсумида эса магистратура ва ундан юқори босқичдаги таълим йўналишларига ўқишга киришлари учун амалий ёрдам берилади.
Дарслар нуфузли олийгоҳларга ўқишга қабул қилинган тренерлар жамоаси, “Freshman Academy” мутахассислари, Европа ва АҚШда таҳсил олиб қайтган ўзбекистонлик ёшлардан таркиб топган. Семинар ва амалий машғулотлардан ташқари таниқли экспертлар билан мастер класслар, жамоани жипслаштирувчи ўйинлар, баҳс-мунозара ва нотиқлик бўйича кўрик-танловлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, оромгоҳнинг иккинчи ёзги мавсуми 30 июль санасига қадар "Бўстонлиқ" ёшлар оромгоҳида давом этади.