Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан 4 нафар юртдошларимиз, хусусан, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти «Мақом хонандалиги» кафедраси профессори Йўлчиева Муножатхон Абдувалиевнага «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилиб, олий нишон — «Олтин юлдуз» медали топширилди.

 Шу муносабат билан Маданият вазири Озодбек Назарбеков устоз санъаткор билан учрашиб, давлатимиз раҳбари номидан уни самимий қутлади.  

 Сираси келганда таъкидлаш жоизки, Муножат Йўлчиева ўз меҳнати, сабру-қаноати ва устозлари Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммаджон Мирзаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шавкат Мирзаевга  нафақат яхши шогирд балки фарзандидек хизматда бўлгани, уларнинг ҳар бир сабоғига ҳам ҳаётда, ҳам ижодда амал  қилгани учун ҳам бугунгидек  муваффаққиятларга эриша олди. 

Дарҳақиқат, устоз санъаткорнинг ана шундай олий инсоний фазилати бугун санъатга қадам қўйган кўплаб ёшлар учун ибрат мактаби бўла олади.

— Ўзбек мақомини, шу билан бирга ҳақиқий ўзбек аёли сиймосини  бутун дунёга танитган, чин маънода “Мақом маликаси” номига муносиб бўлган Муножатхоним Йўлчиевани  меҳнатларининг энг муносиб баҳоси — ушбу юксак унвон билан чин дилдан самимий муборакбод этамиз, деди Озодлбек Назарбеков.