Дастлаб ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, медиа соҳаси («Медиа мактаб»), нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари («ННТ мактаби») вакиллари салоҳиятини ошириш, жамоатчилик назоратига янгича ёндашув ва механизмларини жорий этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, чекка ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошираётганини қайд этилди.

Ҳаракат раиси икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қуйидаги таклифларни билдирди:

- «Оммавий дипломатия мактаби» (Public diplomacy school)ни ташкил этиш. Унда давлат органлари томонидан фуқароларни ахборот билан таъминлаш сифатини ошириш мақсадида вазирликлар, идоралар, сиёсий партияларнинг иш бошқарувчилари учун медиа тренинглар ўтказиш;

- Ўзбекистонда ва Ўзбекистонга оид ўтказилган тадқиқотлар натижаларини давлат секторида жорий этиш ва қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар, тадқиқотлар натижаларини ҳар чоракда эълон қилиб бориш;

- Партия фаоллари, талабаларни жалб қилган ҳолда Ёшлар мунозара клубини ташкил этиш;

- жамоатчилик билан самарали ҳамкорлик қилиш учун давлат органлари, шу жумладан халқаро бўлимлар салоҳиятини ошириш;

- рақамлаштириш ва экологияга доир лойиҳаларни илгари суриш.

Баҳром Ражабов тақдим этилган йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришдан Жамғарма манфаатдор эканини таъкидлаб, тадбирлар формати ва муддатларини кўрсатувчи батафсил «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар «Юксалиш» ҳаракати ва Ф.Эберт номидаги жамғарма ўртасида меморандум имзолаш орқали ҳамкорликдаги фаолиятни бошлашга келишиб олди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

Маълумот учун: Фридрих Эберт номидаги жамғарма Германиядаги сиёсий нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, 1925 йилда ташкил этилган. Жамғарма фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш мақсадида сиёсий-маърифий ишларни олиб боради, иқтисодий, ижтимоий ва таълим сиёсатининг асосий масалалари бўйича стратегик тадқиқотлар ўтказади, тинч ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатини қўллаб-қувватлайди, демократик ва конституциявий тузилмаларни яратиш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади, иқтидорли ёшларни стипендиялар билан таъминлаш орқали қўллаб-қувватлайди.