Мулоқот давомида Аҳмад Шаҳид техник кўмак дастурини амалга ошириш ва мамлакатда дин ва эътиқод эркинлиги соҳасидаги дастурларни янада тарғиб қилиш учун Ўзбекистондаги манфаатдор томонларнинг салоҳиятини ошириш бўйича фаолияти тўғрисида гапирди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб, хусусан, давлат раҳбари дин эркинлиги ва жамиятнинг радикаллашувига қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Диний эътиқод эркинлиги ва радикаллаштириш ўртасидаги фарқ ва чегараларни англаш, уларни ҳуқуқий тартибга солиш призмаси орқали кўриб чиқиш, шунингдек, жамоат тузилмалари ва уларнинг бу соҳадаги фаолиятининг ўрни муҳимлиги қайд этилди.
Манфаатдор томонларнинг салоҳиятини ошириш йўналишлари қаторида Б. Бекмуродов қуйидагиларни таклиф қилди:
- мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар ва қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган тил ва форматда (масалан, ижтимоий реклама, анимацион роликлар орқали) аҳоли ўртасида хабардорликни ошириш;
- теле лойиҳалар, маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида оммавий мулоқотлар орқали аҳолининг саводхонлигини ва диний таълимини ошириш;
- вазиятни ҳар томонлама баҳолаш учун қарор қабул қилувчилар билан сиёсий мулоқотлар ташкил этиш;
- дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсати юзасидан жамоатчилик назоратини ўтказиш ва муқобил ҳисоботларни тайёрлаш;
- Ўзбекистон томонидан халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш.
БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Ташқи бюроси ходимлари Ўзбекистонда қўшма тадбирларни ўтказишга қизиқиш билдирди ва Ҳаракат томонидан таклиф қилинган йўналишлар ва эркинлик соҳасида потенциал иш режаси ўртасида уйғунлик мавжудлигини тасдиқлади, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.
Маълумот учун: Махсус маърузачи Аҳмад Шаҳид 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ташриф якунлари бўйича мамлакатда дин ва эътиқод эркинлигини янада самарали тарғиб қилиш, ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Махсус маърузачининг тавсиялари асосида Ўзбекистон Парламенти палаталари 2018 йилда «йўл харитаси»ни шакллантирди.