Ушбу китоблар турли йилларда чоп этилган бўлиб, ноёб манба сифатида Абу Райҳон Берунийнинг тарих, астрономия, астрология, геодезия ва бошқа фанлар бўйича яратган асосий илмий меросини қамраб олади.
Кутубхона директори Пэм Адама тақдим қилинган китоблар учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик билдирди, ҳамда бу беқиёс асарлар тўплами ЮНЕСКО кутубхонасида ўзининг муносиб ўрнини топишини таъкидлади. «Ушбу китоблар Ўзбекистон бўйича узоқ йиллар давомида ЮНЕСКОда йиғилган маълумотлар мажмуасини янада бойитади ва Абу Райхон Беруний улкан илмий-маънавий меросини глобал миқёсда тарғиб қилишга ўзининг ҳиссасини қўшади»,- деди у.
Бундан ташқари, кенгроқ аудиторияни жалб қилиш мақсадида Абу Райхон Беруний асарлари электрон нусхасини ЮНЕСКО электрон каталоги (UNESDOC)га жойлаштириш юзасидан келишувга эришилди.
ЮНЕСКО томони зарур бўладиган қўшимча ҳужжатлар (авторлик ҳуқуқини бериш ва бошқа масалалар бўйича) рўйхатини беради ва ушбу ташаббус биргаликда ишлаб чиқилади.
Таъкидлаш жоизки, бу йил ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини кенг нишонлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йил 4 сентябрь куни Ташкилотнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳида кўргазма ва қатор маданий тадбирларни ташкил қилиш режалаштирилган.